НАТО Европа давлатларини мудофаа тизимларини кучайтиришга чақирди

Олам

image

НАТО Европадаги аъзо давлатлардан Россия тажовузи таҳдидига жавобан муҳим бўшлиқни тўлдириш мақсадида ерусти ҳаво мудофааси салоҳиятини 5 бараварга оширишни сўрамоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.

Маълум қилинишича, бу кучайтириш масаласи эртага, 5 июнь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган НАТО Мудофаа вазирлари йиғилишида муҳокама қилинади. Ушбу музокаралар ёпиқ эшиклар ортида олиб борилаётганлиги сабабли хабар берган манбалар аноним қолишни сўраган.

Уларга кўра, 5 баравар ошириш мақсади альянснинг Европадаги аъзолари учун умумий ҳисобланади, якуний босқичда эса ҳар бир давлатнинг ҳаво мудофааси даражаси ҳар хил бўлиши мумкин. Ушбу ҳаво мудофааси ташаббусининг аниқ муддати эса номаълум.

Қайд қилинишича, бу ҳафтадаги йиғилишда Европа ва Канада томонидан АҚШ мудофаа тизимларига қарамликни камайтириш ҳамда қайта қуролланиш бўйича Совуқ уруш давридан бери энг катта режалардан бири тасдиқланиши кутилмоқда. Брюссель йиғилиши 24-25 июнь кунлари Гаагада бўлиб ўтадиган етакчилар саммити учун асос бўлиб хизмат қилади.

Қурол-яроғ захираларини ошириш альянс бўйлаб мудофаа харажатларини кўпайтиришга қаратилган кенг қамровли режалар доирасида амалга оширилмоқда. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг турткиси билан НАТО аъзолари ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизини мудофаага сарфлаш бўйича умумий мақсад атрофида бирлашмоқда. Шундан 3,5 фоизи тўғридан тўғри мудофаа учун, яна 1,5 фоизи эса инфратузилма, киберхавфсизлик ва фуқаролик тайёргарлиги каби мудофаага алоқадор соҳаларга ажратилади.

“Биз ўзимизнинг қаршилик ва мудофаа салоҳиятимизни кучайтиришда давом этишимиз керак, бу эса тўлиқ ҳарбий жанговар тайёргарликка ўтишни англатади. Биз уруш ҳолатида эмасмиз, лекин тинчликда ҳам эмасмиз”, деган НАТО Бош котиби Марк Рютте 2 июнь куни Вильнюсда бўлиб ўтган учрашувда.

Маълумот учун, Европа йиллар давомида етарли ҳаво мудофааси билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Муаммо, айниқса, мамлакатлар Россиянинг тўлиқ миқёсдаги босқинидан сўнг (ҳозирда тўртинчи йилга кирган) ўзларининг катта қисмдаги захираларини Украинага юборгандан кейин кескинлашди. Шунингдек, мудофаа расмийлари агар ҳужум юз берса, қитъадаги ҳаво мудофаа тизимлари қуруқликдаги ҳарбий операцияларни етарли даражада ҳимоя қила олмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 июнь куни Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер Британияни “урушга тайёр ҳолатга” келтиришга ваъда бериб, 12 тагача янги ҳужумчи сувости кемасини қуриш, ядровий ҳамда бошқа қуролларга миллиардлаб фунт стерлинг сармоя киритиш режаларини эълон қилган эди.

Жалолиддин Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

НАТО Россия Европа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг