НАТО Украинани “ўзлаштиряпти” – Путин
Олам
−
14 Декабрь 2021
9340Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон кеча, 13 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Бош вазир идораси хабар берган.
“Бош вазир бугун Россия Президенти Владимир Путин билан суҳбатлашди. У Буюк Британиянинг Украина билан чегарада рус қўшинлари тўпланишидан чуқур хавотирда эканлигини билдирди”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Бош вазир Буюк Британиянинг Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлигини таъкидлаган ва ҳар қандай беқарорлаштирувчи ҳаракатлар жиддий оқибатларга олиб келадиган стратегик хато бўлишидан огоҳлантирган.
Жонсон, шунингдек халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича мулоқот муҳимлигини тан олган ва етакчилар барча томонлар Минск протоколи шартларига риоя қилишлари шарт деган фикрга келган.
Кремлга кўра, Путин Жонсонга НАТО давлатлари томонидан Украина ҳудуди фаол ҳарбий “ўзлаштирилаётгани” Россия хавфсизлигига таҳдид солаётганига ишора қилган.
“Буларнинг барчаси НАТО давлатлари томонидан Украина ҳудудини фаол ҳарбий “ўзлаштириш” фонида рўй бераётгани, бу Россия хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётгани таъкидланди”, дейилган хабарда.
Маълумот ўрнида, Ғарб матбуоти ва сиёсатчилари сўнгги пайтларда Москва Украина билан чегарада қўшинларини жамлаётганини таъкидлаб келмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия ўз қуролли кучларини ўз ҳудуди ва ўз хоҳишига кўра кўчираётганини, унинг ҳаракатлари ҳеч кимга таҳдид солмаслигини ва ҳеч кимни безовта қилмаслиги кераклигини айтиб келмоқда. Москванинг таъкидлашича, “Россия тажовузкорлиги” ҳақидаги хабарлар чегара ҳудудларида НАТО кучларини тўплаш учун баҳона сифатида фойдаланилмоқда.