НАТО Украинага ёрдамни икки баравар оширишни режалаштирмоқда

Олам

image

НАТОга аъзо давлатларнинг Ташқи ишлар вазирлари Украинага йилига 250 миллион еврога тенг бўлган кенг қамровли ёрдам пакетини икки баробарга ошириш масаласини кўриб чиқади. Бу ҳақда бугун, 4 апрель куни “Financial Times” ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Германия ушбу кенг қамровли пакет доирасида қўшимча 40 миллион евро ажратган бўлса, Нидерландия 3 апрелда ўз ҳиссасини 75 миллион еврога ошириб, 100 миллион еврога етказган. Бошқа иштирокчи давлатлар, жумладан, Буюк Британия ҳам молиялаштиришни кўпайтиришга тайёр эканини билдирган.

Манбага кўра, молиявий мажбуриятларни 500 миллион еврога ошириш Украинанинг НАТОга кириши бўйича қарор қабул қилинмагани эвазига амалга оширилади. Киев 2022 йил сентябрда аъзолик учун ариза берган, бироқ альянс бунга жавобан ҳеч қандай расмий қадам ташламаган. 

Айтилишича, альянс Киевнинг аризасини келажакда маъқуллаш ниятини исботлаш учун бор кучини сарфлайди. Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари йиғилишида ҳам Украинанинг иттифоққа қўшилиши мумкин бўлган йўллар ёки Украинага молиявий ёрдам пакетидан ташқари аъзолик муқобиллари муҳокама қилинади.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг эса Украинанинг альянсга кириши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, аниқ санани айта олмаслигини таъкидлаган. Бироқ у НАТО Украинага мисли кўрилмаган даражада кўмак бераётганини айтиб ўтган.

Маълумот ўрнида, Украина учун кенг қамровли ёрдам пакети 2016 йилда НАТО томонидан ташкил этилган. Ушбу ёрдам пакетининг бир қисми сифатида альянс Киевга хавфсиз алоқа, кибермудофаа, ёқилғи, тиббий буюмлар, шахсий қурол-яроғларни ҳимоя қилиш, минавий, кимёвий ва биологик таҳдидлар, учувчисиз ҳаво қурилмаларининг жанговар ҳаракатларига қарши курашиш учун портатив тизимларни ўз ичига олган ёрдамларни кўрсатиб келади. Ўлимга олиб келадиган қуроллар эса давлатлар томонидан икки томонлама ёки кўп томонлама шаклда етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ НАТОга аъзо давлатлар Украинада уруш бошланганидан бери Киевга 65 миллиард евролик қурол-яроғ етказиб бергани эълон қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг