НАТО давлатлари Украинани қуроллантириш учун қанча пул сарфлагани маълум бўлди
Олам
−
03 Апрель 2023
7771НАТОга аъзо мамлакатлар Украинада уруш бошланганидан бери Киевга умумий қиймати 65 миллиард евролик қурол-яроғ етказиб берди. Бу ҳақда альянс Бош котиби Йенс Столтенберг Брюсселдаги НАТО давлатлари Ташқи ишлар вазирлари йиғилиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Иттифоқчилар Украинага 65 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам бердилар ва мен Украинага замонавий танклар ва бошқа бронетранспортёрлар кела бошлаганини олқишлайман”, деган Столтенберг.
НАТО Бош котибининг айтишича, яқин келажакда альянс Украина армияси эҳтиёжлари учун “кўп йиллик қурол етказиб бериш” дастурини тайёрламоқда. Шунингдек, у тез кунларда НАТО давлатлари Украина Қуролли Кучларининг кутилаётган қарши ҳужуми арафасида Украинага ҳарбий ёрдамни кучайтириш ниятида эканини билдирган. Столтенбергнинг тушунтиришича, альянс Киевга Совет қуролларидан Ғарб қуролларига ўтишда ёрдам беради.
Шунингдек, Столтенберг нафақат альянсга аъзо давлатлар расмийлари, балки Шимолий Атлантика иттифоқи мамлакатлари ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналари ҳам Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича фаол иш олиб бораётганини маълум қилган.
Масалан, Германиянинг Rheinmetall мудофаа концерни Руминияда Украина билан чегарада Киев томонидан қўлланилган қуролларга хизмат кўрсатиш маркази қурмоқда. Унда гаубицалар, Германия ва Британияда ишлаб чиқарилган Leopard ва Challenger танклари, шунингдек, Marder пиёдаларининг жанговар машиналари, Fuchs зирҳли транспортёрлари ва ҳарбий юк машиналарига хизмат кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Украинага 2,6 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети эълон қилиниши айтилганди. Шунингдек, Украина Европа ва АҚШдан ажратилган маблағлар ҳисобига Польшадан мамлакатда ишлаб чиқарилган 100 дона Rosomak бронетранспортёрларини сотиб олаётгани маълум бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь