АҚШ Украинага 2,6 миллиард долларлик янги ёрдам пакети юборади
Олам
−
01 Апрель 2023
4262Жорий йилнинг 3 апрель куни АҚШнинг Украинага 2,6 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети эълон қилиниши мумкин. У жанг учун ҳаво кузатуви радарлари, танкга қарши ракеталар ва ёнилғи юк машиналарини ўз ичига олиши кутилмоқда. Бу ҳақда АҚШ расмийларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ёрдам пакетига Украинанинг Россия позицияларига ҳужум қилиши учун ишлатадиган аниқ ҳаво ўқ-дорилари, кўприк ускуналари, бузилган танклар каби оғир техникаларга ёрдам кўрсатишга мўлжалланган қутқарув машиналари ҳамда АҚШ ва унинг иттифоқчилари Киевга берган NASAMS ҳаво мудофааси тизимлари учун қўшимча жиҳозлар киритилиши режалаштирилган.
Ёрдам пакетининг катта қисми (2,1 миллиард доллар) Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (Ukraine Security Assistance Initiative – USAI) томонидан молиялаштирилган. Бу Президент Жо Байден маъмуриятига АҚШ қурол захираларидан эмас, балки саноатдан қурол сотиб олиш имконини беради. Қолган 500 миллион доллар эса Президентга фавқулодда вазиятда АҚШнинг амалдаги захираларидан олишга имкон берувчи Президент маъмуриятининг маблағлари ҳисобидан келиши кутилган.
Маълумот учун, Россия Украинага бостириб киргач, Вашингтон Киевга 30 миллиард доллардан ортиқ хавфсизлик ёрдами ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украинага АҚШ томонидан 2 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам, Канададан эса 32,5 миллион долларлик ёрдам пакети ажратилгани эълон қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь