НАТО Туркияни кўндиришига ишонмоқда

Олам

image

Шимолий Атлантика иттифоқи давлатлари Туркиянинг Швеция ва Финляндиянинг аъзолигига доир эътирозларини бартараф эта олади. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг кеча, 15 май куни Берлинда бўлиб ўтган НАТО Ташқи ишлар вазирларининг норасмий учрашуви якунида маълум қилди

“Расмий Анқара “ўз ниятлари аъзоликка тўсқинлик қилиш эмаслигини аниқ айтди”, деган Столтенберг.

НАТО Бош котиби Финляндия ва Швециянинг Россиянинг мумкин бўлган ҳаракатлари туфайли альянсга кириши тўғрисида ариза беришдан якуний ратификация қилишгача бўлган давр ҳақидаги хавотирини тушунишини билдирди. 

“Биз бу жараённи имкон қадар тезлаштиришга ҳаракат қиламиз. НАТОга аъзо кўплаб давлатлар тезлаштирилган тартиб топишларини айтишди”, дейди Столтенберг.

НАТО Бош котиби ўтиш даврида альянснинг Швеция ва Финляндияга амалий ёрдам кўрсатиши ҳақидаги саволга эҳтиёткорлик билан жавоб берди. 

“Биз хавфсизлик кафолатларини таъминлаш йўлларини кўриб чиқамиз, жумладан, НАТОнинг Болтиқбўйи минтақасида, Финландия, Швеция ва унинг атрофидаги иштирокини ошириш орқали”, деган Столтенберг.

Туркия томони Хельсинки ва Стокгольмнинг Туркияда тақиқланган курд ташкилотларига муносабатини номақбул деб ҳисоблайди ва уларнинг альянсга киришига ижобий қарамаяпти. Ўз навбатида, бу давлатларнинг НАТОга кириши фақат барча амалдаги аъзо давлатларнинг бир овоздан розилиги билан мумкин.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркия Швеция Финляндия

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг