НАТО Россиянинг кўз ўнгида янада кучайишига тарихий қадам ташланди

Олам

image

Бугун, 5 июль куни Финляндия ва Швеция Ташқи ишлар вазирлари Пекка Ҳаависто ва Анн Линде ҳамда НАТОнинг 30 та давлати элчилари НАТО штаб-квартирасида бўлиб ўтган расмий маросимда икки шимолий давлатнинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши тўғрисидаги протоколларни имзоладилар. Ҳужжатлар НАТОнинг барча давлатлари томонидан ратификация қилинганидан кейин Финляндия ва Швеция иттифоққа аъзо бўлади. 

"Бугун биз расман қўшилиш протоколини имзолаймиз ва ратификация жараёнини бошлаймиз. НАТОнинг эшиги барча Европа демократик давлатлари учун очиқ. Бу Финляндия, Швеция ва НАТО учун яхши кун, биз 32 аъзо давлат билан кучлироқ бўламиз ва халқларимиз ўнлаб йиллардаги энг катта хавфсизлик инқирозини бошдан кечираётган бир пайтда ўзларини янада хавфсизроқ ҳис қиладилар”, дейди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг тантанали очилиш маросимида. 

Финляндия ва Швеция Ташқи ишлар вазирлари НАТО давлатларига миннатдорлик билдириб, ҳужжатлар тезроқ ратификация қилинишига умид боғлади ва альянс ривожига ҳисса қўшишга ваъда берди. 

4 июль куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошладилар ва бир раундда якунладилар, бу альянс тарихидаги мутлақ рекорддир, одатда музокаралар жараёни йиллар давом этади. 

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди,  бироқ Туркия бу давлатлардан курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – "Курдистон ишчи партияси", "Сурия халқ мудофааси отряди" ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО

Баҳолаганлар

80

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг