НАТО Россияга нисбатан стратегиясини ўзгартиради – “Politico”
Олам
−
12 Октябрь
9742НАТО альянси Мудофаа вазирлари келаси ҳафта Москвага бўлган муносабатларни қайта кўриб чиқишни бошлайди. Бу ҳақда юқори мартабали америкалик расмийга таянган ҳолда “Politico” хабар берди.
“Блок давлатлари стратегиянинг турли элементларини белгилаб олишга ҳаракат қилмоқда ва Россия-НАТО асосий актининг тақдирини муҳокама қилишни режалаштирган”, дейди расмий.
Ушбу акт 1997 йил май ойида Парижда имзоланган бўлиб, унда томонлар бир-бирини рақиб сифатида кўрмаслиги қайд этилган. Ҳужжат мамлакат ва альянс ўртасидаги муносабатларнинг асосларини белгилайди ҳамда ўзаро маслаҳатлашувлар ва ҳамкорлик механизмини ўрнатади.
“Иттифоқчиларнинг аниқ позициялари нуқтаи назаридан янги стратегияни ишлаб чиқиш вақти келди. Асосий акт ва Россия-НАТО Кенгаши бошқа давр учун яратилган ҳамда ҳозирги давр учун янги нарсалар зарур”, дейди нашр манбаси.
“Politico”нинг ёзишича, пастроқ даражадаги муҳокамалар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Аммо бу сафар масала вазирлар даражасида муҳокама қилинади ва у бир неча босқичли бўлади. Маълумотларга кўра, иттифоқчилар янги стратегияни 2025 йил июнида Гаагада ўтказиладиган НАТО саммитига тайёрлашга келишиб олган. Билдирилишича, янги ҳужжат лойиҳаси ҳали мавжуд эмас. Чунки блок аъзолари орасида НАТО янги қоидалар тўпламини шакллантиришда қанчалик узоққа бориши зарурлиги борасида келишмовчиликлар бор.
Нашрга кўра, НАТО ва Россия ўртасидаги муносабатлар 2022 йилда Москва ва Киев ўртасидаги ҳарбий можаро бошланганидан кейин энг паст нуқтага етган. Альянс Россияни энг жиддий ва тўғридан-тўғри таҳдид деб атаган бўлса, Россия расмийлари НАТОнинг шарқий қанотда кучайиши ва унинг Украинани қўшиб олиши эҳтимоли Россияга нисбатан таҳдид эканини бир неча бор таъкидлаган. Бундан ташқари, Россия Президенти Владимир Путин агар Киевга Ғарб қуроллари билан Россиянинг чуқур ҳудудларига зарба беришга рухсат этилса, бу НАТО, АҚШ ва Европа давлатларининг можаро иштирокчисига айланиши ва бу жавоб чораларини талаб қилишидан огоҳлантирган.
Шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макрон келажакда Россия билан алоқаларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлаб, Европа ва дунё давлатларини янги жаҳон тартибини барпо этишга эътибор қаратишга чақирган. Унинг айтишича, Иккинчи жаҳон уруши охирида ўйлаб топилган ҳозирги тартиб “номукаммал ва адолатсиз”. Кремль эса Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг Россия Европа билан муносабатларни “янги асослар” бўйича қуришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Украина ҳудудидан Россияга Ғарб қуроллари билан зарбалар НАТОни Россия Федерациясининг Украинага қарши урушига “тўғридан тўғри жалб қилиш” эканлигини айтиб, бу ҳаракатларнинг оқибатидан огоҳлантирган эди.
LiveБарчаси