НАТО Бош котиби инфекция сабаб Берлинга ташрифини бекор қилди

Олам 2681
image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенбергга шингилла касаллиги ташхиси қўйилди, шу сабабли у бугун, 9 июнь куни Берлинга ташрифини бекор қилди. Бу ҳақда “Reuters” Шимолий Атлантика альянси вакилига таяниб, хабар берди.

Қайд этилишича, энди Германия ва Руминиядаги музокаралар масофавий амалга оширилади. Бош котиб ишини уйидан давом эттиради.

“Бош котиб Германияга (ва Руминияга) режалаштирилган ташрифини масофадан туриб амалга оширади”, дейди номи ошкор қилинмаган альянс расмийси.

Нашрга кўра, мазкур инфекция Йенс Столтенбергнинг COVID-19 га чалинганидан сўнг пайдо бўлган.

Столтенберг 9 июнь куни Берлинда Германия кацлери Олаф Шольц билан учрашиши, эртасига эса Бухарестда Руминия, Польша ва Венгрия раҳбарлари билан музокара ўтказиши керак эди.

Германия Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, НАТО Бош котиби Берлинга ташрифи чоғида департамент раҳбари Кристина Ламбрехт билан ҳам учрашиши режалаштирилганди. Учрашувда: 

•  Шарқий қанотда қўшинларни кучайтириш бўйича таклиф;
•  ой охирида Мадридда ўтказиладиган НАТО саммитига тайёргарлик; 
•  келаси ҳафта альянс Мудофаа вазирлари йиғилиши;
•  блокнинг янги стратегик концепцияси;
•  Финляндия ва Швециянинг НАТОга кириши муҳокама қилиниши кутилган.

Маълумот учун, 63 ёшли Столтенберг май ойи бошида коронавирус билан касалланган эди. Унинг матбуот котиби Сиссел Крусе Ларсеннинг сўзларига кўра, унда касалликнинг енгил белгилари кузатилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
Теглар
t
×