NASA Юпитер йўлдошидан ҳаёт изловчи миссияни бошлади (видео)
Бу қизиқ
−
15 Октябрь
2577АҚШнинг Флорида штатидаги космодромдан SpaceX компаниясининг Falcon ракетаси Юпитернинг 95 йўлдошидан бири бўлган – Европада ҳаёт изларини қидириш мақсадида Europa Clipper деб номланган космик станцияни орбитага чиқарди. Бу ҳақда NASA Х’даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, экипажсиз космик аппарат Europa Clipper деб номланган бўлиб, минг йиллар олдин ер юзидаги океанларни забт этган кемаларга ўхшатилиб шундай аталган. Космик кема 1,8 миллиард миль масофадаги саёҳатдан сўнг 2030 йилда Юпитер орбитасига киради ва у ерда тўрт йил давомида тадқиқотлар олиб боради. Europa Clipper олимларга Европада ҳаётни қўллаб-қувватлайдиган шароитлар мавжудми ёки йўқлигини баҳолашга ёрдам беради.
Аэронавтика ва космик тадқиқотлар бўйича миллий бошқарма (NASA) ушбу йўлдошни Қуёш системасида ҳаётни қидириш учун энг истиқболли жойлардан бири деб ҳисоблайди.
Аввалги миссиялар кузатувларига кўра, Европанинг музли қобиғи ер остидаги океан устида сузиб юради ва унда Ернинг барча океанларидан икки баробар кўп сув бор.
Europa Clipper миссиясининг илмий ходими Курт Нибурга кўра, Европа – суюқ сувга эга бўлган сайёралар ва йўлдошлар синфи – “океан олами” сифатида биринчи ҳужжатлаштирилган олам ҳисобланади.
“Бошқа яқин йўлдошлар, масалан, Юпитернинг Ганимед ва Сатурннинг Энцелад
йўлдошлари ҳам “океан оламлари” деб ҳисобланади, бироқ Европага тегишли океан Ерникига энг яқин”, дейди тадқиқотчи.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA олимлари Марсда биринчи марта сайёра юзаси остидаги жуда катта чуқурликдан суюқ ҳолдаги сувни топган эди.
LiveБарчаси