Наркотик ва психотроп моддалар айланмаси билан шуғулланган шахслар ушланди (видео)
3-саҳифа
−
26 Июль
4634Қатор вилоятларда Қирғизистондан олиб келинган психотроп моддалар ва Тожикистондан олиб кирилган наркотик моддалар олди-сотдиси билан шуғулланган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўлими бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Оқолтин туманидаги Сардоба йўл патруль хизмати масканида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент-Жиззах йўналишида ҳаракатланаётган Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи 1997 йилда туғилган муқаддам судланган шахс бошқарувидаги Cobalt русумли машина тўхтатилиб кўздан кечирилган. Натижада автомашина юкхонасига 3080 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари яшириб қўйилгани аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шериги бўлган 2001 йилда туғилган фуқаро ҳам қўлга олинган. Маълум бўлишича, ушбу дори воситалари Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган.
ДХХ ходимлари томонидан божхона органлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Фарғона туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс Қирғиз Республикасидан келтирилган 2799 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 65 млн сўмга сотган вақтида ушланган.
Яна бир ҳолатда, Фарғона туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида белгиланган тартибни қўпол равишда бузиб, Қирғиз Республикасидан 5600 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб ўтган вақтида Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, Хоразм вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Хоразм” йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси Ҳазорасп туманида тўхтатилиб кўздан кечирилди ва унинг юкхонасидаги маиший кондиционер ичига яшириб қўйилган 1 кг 814 гр “опий” моддаси тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ушбу “ажал оғуси” 1991 йилда Ҳазорасп туманида туғилган фуқарога тегишли эканлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва у кондиционерни қабул қилиб олган вақтида ушланган. Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 158 гр “опий” ва 1 кг 988 гр “гашиш” моддалари олинган. Бундан ташқари, мазкур шахсни гиёҳвандлик воситалари билан таъминлаб келган, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1989 ва 1991 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам ушланиб, улардан бирининг яшаш хонадонидан 424 гр “опий” моддаси олинган.
Ушбу ҳолатда наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан олиб келинганлиги аниқланган.
ДХХ Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Қўрғонтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон шаҳри томон ҳаракатланаётган Nexia русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар фуқарога тегишли бўлган ва Қирғиз Республикасидан келтирилган 4кг 861 гр “Прегабалин” номли кучли таъсир қилувчи модда борлиги маълум бўлган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу кучли таъсир қилувчи моддаларни қабул қилиб олган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 2001 йилда туғилган шахс ушланган.
Шунингдек, унинг танишлари бўлган Шаҳрихон туманида истиқомат қилувчи, 1987 ва 1992 йилда туғилган 2 нафар аёл ҳам процессуал тартибда ушланиб, улардан 1 кг 987 гр “Прегабалин” моддаси ҳамда 1342 дона “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида 17 ёшли наркотик курьери ушланганди.
LiveБарчаси