Андижонда 56 кг психотроп моддани кир ювиш кукунига яширганлар ушланди

3-саҳифа

image

Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара божхона постида 56 килограмм кучли таъсир қилувчи моддани кир ювиш кукуни кўринишида олиб кирмоқчи бўлган шахслар қўлга тушди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.

Қайд этилишича, “Дўстлик” чегара божхона пости орқали мунтазам равишда тижорат мақсадидаги товарларини гўёки шахсий эҳтиёж учун олиб ўтишни одат қилиб олган 3 фуқаро 9 килограмм оғирликдаги 3 дона Ariel кир ювиш кукунини постдан олиб ўтаётган вақтида тўхтатилиб, товарлар божхона кўригидан ўтказилган. Текширув чоғида кир ювиш кукунининг қадоғи муқаддам очилгани ва унинг ичига аслида “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси жойлангани фош бўлган.

Шу куннинг ўзида тезкор тадбир давом эттирилиб, “прегабалин”ни қабул қилиб олувчи шахсга етказаётган йўловчи ҳам Оҳангарон туманида қўлга олинган. Унинг ёнида 27 килограмм  оғирликдаги 9 дона кир ювиш кукунига кучли таъсир қилувчи моддалар аралашгани аниқланган.

Тезкор ходимлар юқоридаги барча кучли таъсир қилувчи моддалар келтирилиши керак бўлган хонадонга борган.

“Шубҳа остига олинган шахснинг Учтепа туманида ижарада яшаб келаётган хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда яширин нарколабаратория ташкил этишга ҳозирлик кўрилаётгани фош бўлди”, дейилади хабарда.

Унинг уйида кучли таъсир қилувчи моддаларни қайта ишлаш ва тақсимлаш мақсадида турли жиҳозлар, хомашё ва бўш капсулалар борлиги аниқланган.

Шундан сўнг, эртасига “Дўстлик” чегара божхона постида айнан ушбу лабораторияга етказилиши керак бўлган 20 килограмм оғирликдаги 2 номдаги кир ювиш кукуни қадоқларига жойланган кучли таъсир қилувчи моддаларнинг навбатдаги партияси ҳам қўлга олинган.

Шундай қилиб, кўп босқичли тезкор тадбирлар якунида қонунбузар шахслардан жами оғирлиги 56 килограммни ташкил қилувчи 16 дона кир ювиш кукуни қадоқларига солинган кучли таъсир қилувчи моддалар олиб қўйилган.

“Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган экспертиза натижаларига кўра, қўлга олинган 45 килограмм “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси экани аниқланди”, дейилади хабарда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур кучли таъсир қилувчи моддаларнинг “қора бозор”даги нархи 40 млрд сўмни ташкил қилади.

Ҳозирда жами оғирлиги 45 килограмм “прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси далилий ашё сифатида олиниб, божхона органлари томонидан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, “прегабалин” – бу марказий асаб тизимига таъсир қилувчи дори бўлиб, нотўғри ёки назоратсиз қабул қилинса, уйқучанлик, бош айланиши, эфория, руҳий ва жисмоний қарамлик, вазн ортиши, шишлар, депрессия, ва ўз жонига қасд фикрлари каби оғир ножўя таъсирлар келтириб чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона ҳамда Хоразм вилоятида олиб борилган тезкор тадбирларда гиёҳвандлик воситаларининг савдоси билан шуғулланганлар ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон психотроп прегабалин кир ювиш кукуни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг