Нархи қанча қовунни айтинг? Тошкентда пропискаси йўқлар ўқи(ма)син!
Жамият
−
11 Декабрь 2019
21879Ўзбекистон Экологик партияси аъзоси Улуғбек Пирмуҳаммедов доимий рўйхатда вилоятда турувчи шахслар пойтахт Тошкентга келишдан аввал, ўз ҳудудидаги инспектор рўйхатидан ўтиши керак, деб ҳисоблайди. Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Пирмуҳаммедов шундай фикр билдирди:
“Фикримизча, фуқаро Тошкентга келишидан олдин ўзининг ҳудудидаги инспектордан рўйхатдан ўтиши мақсадга мувофиқ. Шундай тизим жорий этилса, Тошкентда муаммоларга учрашининг олди олинади”.
Унинг бу гаплари ижтимоий тармоқларда жиддий танқидга учради ва резонанс келтириб чиқарди. Шундан сўнг, у ўз сўзларига изоҳ берди. Пирмуҳамедов оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистларга мурожаат қиларкан, билдирган фикри биринчи навбатда шахсий мулоҳаза экани ва партияга алоқадор эмаслигини қайд этди.
"Авваламбор, мен прописка тизимига қаршиман. Энди шахсий таклифимга эътибор берсак, таклифим шундан иборатки, вилоятлардан ишлаш мақсадида келаётган ҳамюртларимиз маълум бир муаммоларга учраётгани тўғрисида бир қанча мавзулар кўтарилди. Айнан Халқаро пресс клуб бош продюсери Ғуломжон Самадов кўрсатувида ҳамюртларимизни ишлаб турган жойида профилактика инспекторлари томонидан жаримага тортилаётгани тўғрисида фуқаролар мурожаати ўқиб эшиттирилди. Уч кун ичида рўйхатга қўймаса қонуний чора кўриш кераклиги тўғрисида айтиб ўтилди.
Бу муаммолар тўғрисида мендан кўра сиз яхшироқ биласиз. Сабаби ОАВ вакиллари халқ билан ўзаро доимий мулоқотда. Керак бўлса, биз ҳам сиз орқали эшитамиз баъзи муаммоларни. Мен иштирокчи сифатида шахсий фикримни билдирганимда, яқинларимиз зарурат юзасидан ишлаш мақсадида келаётган бўлиши мумкин. Улар маълум муддатга келишса-да, биз бу ерда уларга рўйхатдан ўт деб турсак, бу одамлар учун адолатсизлик бўлмайдими?
Прописка масаласи жуда кўп марта кўтарилган. Айниқса, блогерларнинг каналларида тўлиқ ёритиб берилган. Ўз фикримни тўлиқ айтиб бериш имкон бўлмади, лекин қисқача айтиб ўтсам. Мен прописка тўғрисида эмас, балки онлайн рўйхат, қулайлик ва хавфсизликни яратиш мақсадида таклиф қилдим. Тошкентга келаётган қадрдонларимиз яшаб турган ҳудудларидаги инспекторлар томонидан рўйхатдан ўтишса, Тошкентда муаммоларга дуч келмаслиги учун онлайн рўйхат олинса ва бу рўйхат, яъни онлайн портал дастури орқали акс этса, ППС томонидан кўчадан ушлаб кетиш ҳолатлари кузатилганда, бу дастур ҳамюртларимиз ҳуқуқини ҳимоя қилувчи восита вазифасини бажарарди. Балки шунда ҳамюртларимиз норозилигига сабаб бўлаётган муаммо қайсидир маънода ўз ечимини топар эди. Таклифда қийинчиликларга дуч келаётган ҳамюртларимизни камситиш назарда тутилмаган, балки уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уларга шароит яратиш мақсади бор эди. Ваҳоланки, ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ маҳаллийчилик қилишга, ҳаммамиз тенг ҳуқуқли фуқоромиз. Ахир Ўзбекистон Республикасида битта яшил паспорт бор. Фикрларимни бошқача талқин қилмасликни сўрар эдим”, дейди Экологик партия вакили.
Унинг сўзларига кўра, эзгулик – бу тўлиқ айта олмаган сўзлардан эмас, балки ниятларга қараб баҳоланиши керак.
P.S.: Ҳаммаси ҳам майли-ку, аммо партия аъзосининг сайлов олди бундай “қовун тушириши” унинг издошлари фойдасига бўлмаслиги аниқ. Бир жиҳатдан, Улуғбек Пирмуҳаммедовга катта раҳмат! Ахир, сайловолди ўз номзодини илгари сураётган сиёсатдонлар қоп-қоп ваъда бериб, кейин унутишарди. У ҳеч бўлмаса аввалбошидан борини айтди-қўйди.
LiveБарчаси