Наргис Муҳаммадийга нисбатан қўйилган тақиқ узайтирилди
Олам
−
09 Февраль
10562Эронда қамоқда сақланаётган Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Наргис Муҳаммадий билан телефон қўнғироқлари ва учрашувларга қўйилган чекловлар номаълум муддатга узайтирилди. Бу ҳақда маҳкуманинг оила аъзолари унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, бу тақиқ Наргиснинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга мактуб йўллаганидан кейин қўлланилган.
Қайд этилишича, илк бор 2023 йил 29 ноябрдан бошлаб Наргиснинг телефон қўнғироқлари ва учрашувлари қамоқхона маъмурлари томонидан унинг ташқарига хат жўнатгани учун тўхтатилган.
Жорий йилнинг 4 февралидан бошлаб унга қўйилган ички чекловлар олиб ташланиши режалаштирилган, бироқ Эвин қамоқхонасидаги аёллар бўлими мудири яна қайтадан жазо чоралари қўллаган.
“Хавфсизлик кучларининг янги буйруғига кўра, унинг телефон қўнғироқлари ва учрашувлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига йўллаган мактуби ва гендер апартеидига қарши айблов эълон қилиш талаби туфайли тўхтатилди”, дейилади манбада.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 6 октябрь куни 2023 йилги тинчлик учун Нобель мукофотига эронлик ҳуқуқ фаоли ва “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” ташкилоти вице-президенти Наргис Муҳаммадий лойиқ кўрилган, ўша куннинг эртасига АҚШ Президенти Жо Байден Эронни қамоқдаги Нобель совриндорини озод қилишга чақирганди. Мукофот эса 10 декабрь куни Норвегияда Наргиснинг оила аъзоларига топширилган.
LiveБарчаси