Нани Қозоғистонда олти фарзандли оилага уй совға қилди

Спорт

image

“Манчестер Юнайтед” ва Португалия терма жамоасининг собиқ футболчиси Луиш Нани Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида олти фарзандли оилага янги хонадон калитини топширди. Бу ҳақда “ASnews.kz” нашри хабар берди.

Хайрия тадбири Ақтўбе марказий стадионида бўлиб ўтган. Бунга қадар ижара уйда яшаб келган оила “Ҳарекет” жамоат хайрия жамғармасининг ижтимоий лойиҳаси доирасида ўз уйига эга бўлди. Нани оила аъзолари билан учрашиб, фарзандлар билан суратга тушди ва уларга дастхати туширилган “Ақтўбе” клуби либосини совға қилди. 39 ёшли португалиялик футболчи бу воқеа ўзи учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

“Ёшлигимда мен ҳам жуда камбағал эдим. Оиламиз катта, ака-ука ва опа-сингилларим кўп эди, барчамиз кичик уйда яшардик. Янги уйга кўчиш имкониятига эга бўлганимизда, ҳозир сизлар ҳис қилаётган туйғуларни мен ҳам бошдан кечирганман. Инсонларга қувонч улашиб, уларнинг ҳаётини яхши томонга ўзгартиришга ёрдам бера олсам, чин дилдан бахтли бўламан”, дейди Нани.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 25 январда Луиш Нани Қозоғистоннинг “Ақтўбе” сафига қўшилганди. У мавсум охиригача шартнома имзолаб, профессионал фаолиятини давом эттирган. Жорий мавсумда португалиялик футболчи клуб сафида 20 та учрашувда майдонга тушиб, 3 та гол ва 4 та голли узатма қайд этган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг