Намоз ўқиш ва таҳорат олиш имкони йўқ – Сенатор хорижлик мусулмонларга яратилмаган шароитлар ҳақида гапирди

Жамият

image

Ўзбекистонда мусумлон давлатлардан келадиган сайёҳларнинг таҳорат олиши ва намоз ўқиши учун етарли шароитлар мавжуд эмас. Бу фикр бугун, 28 февраль куни бўлиб ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида ўртага ташланди. 

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Неъматов сўзга чиқиб, ташқи сиёсатни ривожлантириш, мамлакатга туризм оқимини кенгайтириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларлар ва ТИВ томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Унинг сўзидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси минтақавий бўлими - Хоразм Маъмун академияси илмий ишлар бўйича раис ўринбосари, сенатор Гавдар Дурдиева сўз олиб, Ўзбекистонда мусулмон мамлакатлардан сайёҳлар оқимини кенгайтириш масаласига тўхталди. 

“Жуда яхши ишлар қилиняпти. Лекин, бир муаммо бор-да. Мусулмон мамлакатлардан Ўзбекистонга туризм экспорти 10 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Нима учун, деган савол туғилади. Мусулмон давлатлардан фуқаролар азиз авлиёларни зиёрат қилиш учун келади. Ваҳоланки, Ўзбекистонда Ислом архитектурасига оид тарихий обидалар, масжид ва мадрасаларни реконструкция қилиш чоғида намоз ўқиш, таҳорат қилиш шароитлари йўқолиб кетган. Мен ўзим кўп гувоҳи бўлганманки, мусулмон давлатлардан келадиган сайёҳлар биздаги мана шундай ташкилий масалаларни сўраб, суриштириб, кейин келишади. Агар биз айнан мусулмон давлатлардан туризм экспортини оширишга эътибор қаратсак, иқтисод жуда ривожланиб кетади. Мен бунга аминман. Шунинг учун ҳам Маданият вазирлиги билан биргаликда бу масалани кўриб чиқмасак бўлмайди”, дейди Дурдиева. 

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон бой тарихга эга. Ислом динининг буюк олим ва уламолари ҳам айнан Ўзбекистон заминида етишиб чиққан. Булар қатори Имом Ал-Бухорий билан бошланса, рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Аммо, зиёрат туризми дея бонг урилгани билан, камчиликлар талайгина. 

Айни вақтда дунё бўйлаб мусулмонлар сони 2,2 миллиардни ташкил этмоқда. Уларнинг 200 миллиони ҳар йили у ё бу давлатга сайёҳ ўлароқ ташриф буюради. Ўзбекистонда 2 миллиард эмас, 2 миллион мусулмон сайёҳни кутиб олишга шароит борми? Дурдиева ўзи кўрган ва кузатганлари ҳақида шундай дейди:

“Авваллари ҳамма масжид ва мадрасаларда намоз ўқиш ва таҳорат қилиш учун жой бўлган. Лекин реконструкция вақтида йўқ бўлиб кетган. Ўзим 54 та тарихий обидада илмий тадқиқот қилганимда, иккита жойдагина топдим. Улар (таҳр. мусулмон давлатлардан келадиган сайёҳлар) бизнинг шароитимизни биздан яхши билади. Агар шу масалага эътибор қаратилса, туризм экспортини 50%га оширамиз”.

Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Неъматов қуйидагича жавоб берди: 

“Бу жуда муҳим савол. 2018 йил Давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга шу масалани қўйган кундан буён ушбу масала устида ишлаяпмиз. Индонезияни биласиз, дунёдаги энг катта мусулмон давлат. 200 миллиондан ортиқ аҳолиси бор. Индонезияга махсус рейс қўйилди, лекин озгина кундан кейин тўхтади. Лекин, Куала-Лумпур орқали учиб келишяпти. Қолаверса, Саудия Арабистонида ҳам ватандошларимиз кўп ва улар ниҳоятда бой. Тўғрисини айтганда, олдин биз уларни қўймасдик. Яқинда жуда бой компанияларнинг раҳбарлари келиб кетди. Ар-Риёдда қўшма комиссиянинг йиғилиши бўлиши керак. Йиғилиш кун тартибига кирган масалалардан биттаси – зиёрат туризми бўйича сайёҳлар оқимини кўпайтириш”, дея тўмтоқ ва мужмал жавоб қайтарди Илҳом Неъматов. 

Ҳолбуки, сенатор ва тарихчи Гавҳар Дурдиева дипломатнинг олдига аниқ ва лўнда саволни қўйган эди. Муаммо бўйича ташқаридан ҳамкорлар билан ишлаш ва йиғилишлар ўтказиш натижа бермайди. Унинг ечими устида бош қотириб, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда аниқ амалий чоралар кўриш керак. 

Суратлар муаллифи: Баҳодир Аҳмедов


Мақола муаллифи

Теглар

Ялпи мажлис Гавҳар Дурдиева

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг