Наманганда пиёдани уриб, қочиб кетган Gentra ҳайдовчиси ушланди
3-саҳифа
−
12 Февраль
7706Кеча, 11 февраль куни Наманган вилояти Наманган шаҳрида пиёдани уриб, ўлимига сабабчи бўлган ва воқеа жойидан қочиб кетган Gentra ҳайдовчиси аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида йўл транспорт ҳодисасини содир этган ҳайдовчи ва транспорт воситаси аниқланган.
“Ушбу ҳолатни содир этган шахс Наманган шаҳар ҳудудида яшовчи 1997 йилда туғилган фуқаро эканлиги аниқланди”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, ҳолат юзасидан қонуний чора кўриш мақсадида тергов бўлимига транспорт воситаси ҳамда ҳайдовчи олиб келинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 117-моддаси 2-қисми (Хавф остида қолдириш) ва 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида Gentra ҳайдовчиси бир неча фуқароларни босиб кетишга уринганди.
LiveБарчаси