Наманганда 16 ёшли қизнинг машина ҳайдаши оқибатида онаси ва синглиси ҳалок бўлди (видео)
3-саҳифа
−
15 Апрель
10931Наманган вилоятида “права”сиз 16 ёшли қиз бошқарувидаги Spark каналга тушиб кетиши оқибатида машина ичидаги 2 киши (қизнинг онаси ва синглиси) ҳалок бўлди. Қизга машина бошқарувини берган ота ва унинг ўзи шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Наманган вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 23 март куни Наманган вилояти Учқўрғон туманида яшовчи фуқаро ўз бошқарувидаги Spark русумли транспорт воситасини ҳали вояга етмаган, ҳайдовчилик тажрибаси йўқ 16 ёшли қизига топширган. Ҳайдовчининг ўрнига қизи, олд ўриндиққа эса ўзи ўтирган. Орқа ўриндиқда эса қизнинг онаси ва 10 ёшли синглиси ҳам бўлган. Вояга етмаган қиз автомобилни ички йўлда бошқариб кетаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида ўнг томонга бурилаётган вақтида тажрибасизлиги оқибатида бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидан оқиб ўтувчи Андижон каналига тушиб кетган.
Билдирилишича, ҳодиса оқибатида орқа ўриндиқдаги кичик қизалоқ ва она нафас йўлига сув тиқилиш ташхиси билан вафот этган. Вояга етмаган ҳайдовчи ва унга рулни берган ота тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилояти Давлатобод туманида мактаб ўқувчилари бошқарувидаги Nexia-3 юк машинаси билан тўқнашиб кетган эди. Оқибатда Nexia-3 ҳайдовчиси ва олд ўриндиқдаги синфдоши оғир тан-жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Суриштирув ишлари давомида 11-синф ўқувчиси автомобилни 9-синф ўқувчиларига 2 соатга 220 минг сўм эвазига ижарага бергани маълум бўлган.
LiveБарчаси