Наманган ҳокими ўринбосари қўлга олинди
3-саҳифа
−
19 Декабрь 2023
12079Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Саидаҳмад Султонов қўлга олинди. Бу ҳақда Наманган вилоят судлари ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига Наманган вилояти прокурори ўринбосари Султоновга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома киритган.
Ҳоким ўринбосари Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг жорий йилнинг 16 декабридаги ажрими билан Наманган вилояти прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Саидаҳмад Султоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкентда яширин тадбиркорлик субъектларининг ноқонуний фаолиятларига ёрдам берган солиқ идоралари мансабдор шахслари ҳибсга олингани хабар қилинганди.