Мутлақ ҳокимият ҳаваси: Путин яна президентликка номзодини кўрсатиш ҳуқуқини олди
Олам
−
24 Март 2021
6581Россия Федерациясининг амалдаги Президенти Владимир Путин навбатдаги президентлик сайловида ҳам ўз номзодини илгари суриш имкониятини қўлга киритди. Бугун, 24 март куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда Давлат Думаси Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу бошқа нарсалар қатори Россия Федерациясининг амалдаги Президенти Владимир Путинга яна давлат раҳбари лавозимига номзодини кўрсатиш ҳуқуқини беради
Россия Федерацияси Конституциясига киритилаётган янги ўзгаришга кўра, битта шахс Россия Федерацияси Президенти лавозимини эгаллаши мумкин бўлган муддатлар сонини чеклаш, амалдаги давлат раҳбарига аввалги президентлик муддатларини ҳисобга олмаган ҳолда қўлланилади.
Ҳужжат Давлат Думасига депутатлар Павел Крашенинников ва Ольга Савастьянова, шунингдек, Федерация Кенгаши аъзоси Андрей Клишас томонидан ноябрь ойида тақдим этилган. Ҳужжат Россия Федерациясида камида 35 ёшда бўлган, Россияда камида 25 йил доимий яшаган, шунингдек, илгари бошқа давлатнинг фуқаролиги ёки яшаш гувоҳномасига эга бўлмаган Россия Федерацияси фуқароси мамлакатнинг сайланган президенти бўлиши мумкинлигини белгилайди.
Ушбу қоида илгари Россия Федерациясида федерал конституциявий қонунга мувофиқ қабул қилинган ёки унинг бир қисми қабул қилинган фуқароларга татбиқ этилмайди.
Шунингдек, ушбу ташаббусда Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси лавозимини эгаллайдиган шахс учун ёш чегараси белгиланган. Тахминларга кўра, у 30 ёшга тўлган Россия фуқароси бўлиши мумкин. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссияси унинг таклифига биноан тайинланган минтақавий сайлов комиссияси аъзосининг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиши мумкин. Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссияси аъзосини муддатидан олдин фақат асослантирилган ариза асосида озод қилиши мумкин, шу билан бирга янги номзод бўйича таклиф киритилиши керак. МСК, шунингдек, "Сириус" федерал ҳудуди учун алоҳида ҳудудий сайлов комиссиясини тузиш ваколатига эга.
Маълумот ўрнида, СССРнинг қора ишларини қилиб келган КГБ (Давлат хавфсизлик қўмитаси)дан чиққан, асли разведкачи бўлган Владимир Путин мана 20 йилдирки Россияда “умргузаронлик” қилиб келяпти. Путин 1952 йил 7 октябрь куни Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург шаҳри)да туғилган.
Путин 1999 йил 16 август куни Россия Бош вазири бўлган. Ўша вақтдаги РФ Президенти Борис Ельцин кўп ўтмай, ҳокимиятни Путинга топширишини маълум қилган. У 1999 йил 31 декабрдан бошлаб мамлакат раҳбари вазифасини бажара бошлаган. 2020 йилгача 16 йил давомида мамлакат Президенти бўлган. 2008-2012 йилларда Дмитрий Медведев Президентлиги даврида у Бош вазир лавозимини эгаллаган.
Владимир Владимирович 2000, 2004, 2012 ва 2018 йиллардаги президентлик сайловида ғолиб бўлган. 2012 йилда сайловдан олдин президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга узайтирилган. Шу тариқа Путин яна икки муддатга сайланиш ҳуқуқини қўлга киритган.
Путиннинг амалдаги президентлик муддати 2024 йилда якунланади. Бу унинг сўнгги сайланиши бўлиши керак эди. Аммо уддабурон Владимир қайта сайланиш учун заминни келаси сайловгача ҳали 4 йил борлигидаёқ ҳозирлаб қўйди.
1 июль куни Россия Конституциясига ўзгартириш киритиш учуч референдум ўтказилди. Ўзгартиришларни сайловда қатнашганларнинг 77,92 фоизи маъқуллади. 21,27 фоизи эса қарши бўлди. Унга кўра, Путиннинг президентлик муддатлари “ноллаштирилди”. Энди у яна икки марта президентликка номзод бўлиши ва сайланса, 2036 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.
67 ёшли Путин турмуш ўртоғидан ажрашган. Унинг икки қизи (Мария ва Катерина) бор. Путиннинг оиласи у қадар катта бўлмагани учун унинг қариндошлари юқори лавозимларни эгаллаб ўтириши ҳақида маълумот йўқ. Аммо унинг ҳокимияти “соя”сидан баҳра олаётган дўстлари талайгина.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь