Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши аъзоси бўлди
Жамият
−
23 Апрель
4353Бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши аъзолигига қабул қилинди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистонида энг нуфузли ташкилот ҳисобланган Ислом олами уюшмаси Олий кенгашининг 46-йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Нуриддин Холиқназаровнинг Кенгаш аъзолигига қабул қилингани тўғрисида қарор қабул қилинган.
"Ушбу аъзолик муфтийнинг фаолияти давомидаги тўртинчи йирик ташкилотга аъзо бўлишидир. Булар – Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар), Мусулмон донишмандлар кенгаши (БАА), Исломий фиқҳ академияси (Саудия Арабистони) ва Ислом олами уюшмаси Олий кенгаши (Саудия Арабистони) кабилардир", дейилади хабарда.
Ушбу халқаро анжуманда Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Қувайт, Қатар, Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлардан келган вазирлар, таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этган.
Анжуманда бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтириш, хусусан, Фаластин ва Ғазо минтақасидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, Ислом уммати бирлигига эришиш, айрим мусулмон мамлакатларидаги нохуш ҳолатларни ислоҳ қилиш, Роҳинжа мусулмонларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний рамзларнинг таҳқирланиши, айниқса, Қуръони каримни ёқиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ва исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалалар муҳокама қилинган.
LiveБарчаси