МТВ 6 кунда боғчалардан 3 нафар боланинг жасади чиққанига муносабат билдирди

Жамият 9759
image

Хабарингиз бор, сўнгги 6 кун ичида боғчаларда болалар ўлими билан боғлиқ 3 та ҳолат қайд этилди. Ушбу ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги муносабат билдирди. 

Қайд этилишича, учала боланинг ота-онаси ҳам боласининг касаллигини билиб туриб, МТТга унинг соғломлиги ҳақидаги тиббиёт варақасини тақдим этган. Агар ота-оналар болани тиббиёт картаси хулосасида берилган маълумотларида касаллик турлари қайд этилса, биринчи тиббий ёрдамни қандай усулда бериш аниқ бўлади.

“Бундай ҳолатларни олдини олиш юзасидан МТВ томонидан педагог тарбиячиларни ҳам биринчи тиббий ёрдам бериш учун махсус дастур ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, мактабгача таълим тизимида тиббий хизматни сифатли ташкил этиш мақсадида МТВ, Тошкент Педиатрия Тиббиёт институти, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти хамда UNICEF кўмагида тизимда ишлаётган ҳамширалар малакасини ошириш учун махсус видеоматериаллар орқали намойиш этиб берадиган электрон платформа ишлаб чиқилди. Айни дамда МТВ тизимида 8 612 та ҳамшира фаолият юритади улардан 26 таси олий маълумотлидир”, дейилади хабарда. 

Вазирлик маълумотларига кўра, 2021-2022 йиллар мобайнида МТТ фаолиятини ўрганиш натижасида куйидаги камчиликлар аниқланган. 

Хусусан, туман соғлиқни сақлаш бўлимлари ва бириктирилган поликлиникалар билан ҳамкорликда фаолият ташкил этиш ва тадбирларни олиб бориш йўлга қўйилмаган. Поликлиника ва мактабгача таълим ташкилотлари, мактабгача таълим туман бўлимлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмалари ўртасида узвийлик йўқлиги сабабли, мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинганда болаларнинг саломатлик ҳолати тўғрисида тўлиқ маълумот олишнинг имкони мавжуд эмас.

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 391-сонли қарорига мувофиқ Давлат мактабгача таълим ташкилотлари тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш соғлиқни сақлаш тизимидаги малака ошириш муассасаларида ҳар уч йилда камида бир марта бепул амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Охирги 5 йил давомида малака оширган (2018-2022) мактабгача таълим ташкилот ҳамшираларининг сони республика бўйича 3467 нафарни ташкил этган. Бу мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ҳамшираларнинг умумий сонига нисбатан 40,2 фоизни ташкил этади. Қолган 5145 (59,8 фоизи) нафари 5 йилда малака оширмаган”, дейилади МТВ муносабатида. 

Эслатиб ўтамиз, 28 июль куни Қашқадарёдаги боғчада 8 ёшли қиз, 1 август куни Намангандаги боғчада 5 ёшли бола ва 3 август куни Хоразмдаги боғчада 5 ёшли бола вафот этди. Шунингдек, жорий йилнинг 21 апрелида Андижондаги боғчанинг 4 ёшли тарбияланувчиси ҳам вафот этганди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 169
Рейтинг: 3
t
×