МСК Конституцияга ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда

Жамият 5973
image

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мамлакат Конституциясига ўзгаритириш киритиш таклифини билдирмоқда. МСКнинг расмий ахборотида таъкидланишича, Конституциянинг 117-моддасига ўзгартириш киритишга эҳтиёж мавжуд. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Бир номзод бир вақтнинг ўзида 2 та маҳаллий вакиллик органи депутатлигига номзод этиб кўрсатилган ҳолатларда, унинг сайловолди тарғиботини олиб бориш, учрашувлар ўтказиш билан боғлиқ муаммолар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига бир қатор сўровлар келиб тушган. 

Шу боис МСК томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига бир номзод фақат битта сайлов округидан ва битта маҳаллий вакиллик органига сайланиши мумкинлиги тўғрисида қоидани ўрнатиш таклиф қилинмоқда. 

Маълумот ўрнида, Сиёсий партияларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар, шунингдек бир қатор қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинган пайтда 5 та сиёсий партия, хусусан ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш” ДП, ХДП, “Адолат” СДП ва Экопартия Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган бўлиб, улар турли сиёсий ғоя ва қарашларни илгари суради.

Ўзбекистонда Олий Мажлис ва Халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят кенгашларига ўтказилган сайловда, 2019 йил 11 ноябрда барча сиёсий партиялардан кўрсатилган 750 нафар Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар рўйхатга олинди. Сайлов кунига қадар 6 нафар номзод ўз аризасига кўра номзодлик мақомидан воз кечди. Сайловга қўйилган номзодларнинг жами сони 744 нафарни ташкил этди.

Шунингдек, тегишли сайлов комиссиялари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари депутатлигига 4 155 нафар ҳамда Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига 28 601 нафар номзод рўйхатга олинди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 94
Рейтинг: 3
t
×