Мозамбикда қамоқхонадан 6 мингга яқин хавфли жиноятчи қочиб кетди

Олам

image

Мозамбикдаги “Мачава” қаттиқ тартибли қамоқхонасидан тахминан 6 минг хавфли жиноятчи қочиб кетди. Бу ҳақда SABC хабар берди.

Қайд этилишича, маҳбуслар қамоқхона қўриқчиларини қуролсизлантириб, Мачава туманида жойлашган қамоқхона ҳудудидан қочиб кетган. Маълумотларга кўра, улар қўриқчилардан тортиб олинган қуролларга эга бўлиши мумкин. Ушбу қамоқхонада мамлакатдаги энг хавфли жиноятчилар сақланади.

Маҳбусларнинг қочиши Мозамбикда мухолифат томонидан уюштирилган норозилик намойишлари фонида содир бўлган. Ушбу тартибсизликлар мамлакатда жорий йилнинг 9 октябрь куни ўтказилган президентлик ва парламент сайловлари натижаларининг эълон қилиниши ортидан бошланган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловда “Фрелимо” партияси ва унинг президентликка номзоди Даниэль Шапу ғолиб бўлган. Мозамбик Конституциявий кенгаши 23 декабрь куни сайлов натижаларини тасдиқлаб, Шапуни янги президент сифатида эълон қилган.

Аммо сайловларда иккинчи ўринни эгаллаган мухолифат етакчиси Венансиу Мондлане ва “Ренамо” партияси етакчиси Осуфо Момади Конституциявий кенгаш қарорини тан олишдан бош тортган. Улар ҳукуматни натижаларни сохталаштиришда айблаб, тарафдорларини намойишлар ўтказишга чақирган.

Мозамбик ҳукуматининг маълум қилишича, сайлов натижаларининг эълон қилинишидан кейинги 24 соат ичида тартибсизликларда камида 21 киши ҳалок бўлган. Шу билан бирга, мухолифат 23 декабрдан буён намойишларда 84 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикаси (КДР) пойтахти Киншасадаги Макала марказий қамоқхонасидан қочишга уринган камида 129 киши ҳалок бўлган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

қамоқхона жиноятчи Мозамбик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг