Москвадаги теракт ҳақида тармоқларда изоҳ ёзганлар ҳам қўлга олиняпти

Олам

image

Бугун, 28 мартга қадар Россия бўйлаб ижтимоий тармоқларда теракт ҳақида изоҳ ёзгани учун ўнга яқин киши қўлга олинди. Бу ҳақда DW нашри хабар берди.

Қайд этилишича, уларнинг барчаси оммавий равишда узр сўрашга мажбурланган.

Жумладан, петербурглик декоратор Николай Конашенок ўзининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасига, Москвадаги теракт воқеалари ҳақида: "Нега Кремль эмас, Крокус?" деб ёзган. У теракт ҳақидаги мулоҳазасидан сўнг ишдан ҳайдалган ва кечирим сўрашга мажбур бўлган. 

Санкт-Петербургда яна бир Тожикистон фуқароси қўлга олинган бўлиб, бунга унинг Telegram’даги теракт ҳақидаги хабарга ўзининг ҳазил аралаш "коммент"ини ёзгани сабаб бўлган. Айбланувчи 26 ёшли Баҳодир Зуҳуров бўлиб, айрим норасмий каналлар унга беш йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Тергов қўмитаси эълон қилган видеода ҳибсга олинган Зуҳуровнинг узр сўрагани акс этган. 

Эътиборлиси бундай қўлга олишлар пенсионерлардан тортиб, тўққиз яшар мактаб ўқувчисигача қўлланилмоқда. Жумладан, Магадан вилояти полицияси терроризмни омма олдида оқлаганлиги учун Ола қишлоғида яшовчи 75 ёшли фуқарони ҳибсга олган. 

Билдирилишича, пенсионер мессенжерда видеога изоҳ қолдириб, "текинхўрларни кўпроқ ўлдириш керак эди", деб ёзган. Айни пайтда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. 

Худди шундай, Тивада яшовчи тўққиз ёшли қиз қўлга олинганидан кейин ФХХга зериккани сабабли нотаниш абонентга "500 минг рубль эвазига теракт содир этиши мумкинлиги" ҳақида ёзганини тан олган. Ўқувчининг онасига нисбатан фарзандининг тарбиясига беэътибор бўлгани учун баённома тузилиб, ўқувчининг ўзи эса профилактик ҳисобга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москвадаги терактни оқлаган ўзбекистонликка жиноий иш очилгани ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Москва теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг