Москвадаги Ғалаба парадида АҚШ ҳам иштирок этадими?

Олам 3720
image

Жорий йилнинг май ойида Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба ва уруш туганининг 75 йиллиги муносабати билан Россия пойтахтида Ғалаба паради ўтказилиши, унда олий даражадаги меҳмонлар иштирок этиши кутилаётгани ҳақида хабар берган эджик. Ушбу маросимда АҚШ делегацияси ҳам иштирок этиши маълум бўлди. Қайд этилишича, делегацияни АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Браен бошқаради. Бу ҳақда бугун, 19 март куни АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан маълум қилди.

"АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт O'Браен 9 май куни Москвада фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш учун ташриф буюрадиган Америка делегациясига раҳбарлик қилиши ҳақида хабар бериш мен учун катта шараф", дейди Салливан ўз баёнотида.

Салливаннинг таъкидлашича, АҚШ делегациясининг Москвага келиши, Гитлер Германиясига қарши кечган курашдаги йўқотишларга бўлган эҳтиромини билдиради.

"Дунёнинг хавфсизлиги учун курашган иттифоқчилар кўп йўқотишларга учраган. Москвага бўладиган ташриф ана шу йўқотишларга бўлган эҳтиромни билдиради" дейди Салливан.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ушбу маросимда иштирок этишларини таклиф қилиб, кўплаб мамлакатлар раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам таклифнома юборган. Ташқи ишлар вазири Илҳом Неъматов 2019 йилнинг декабрь ойида РИА Новостига берган интервьюсида Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда иштирок этишини таъкидлаган эди. Дунё миқёсида, шу қатори Россияда ҳам тарқалган коронавирус хавфига қарамасдан Россия ушбу парадни ўтказиш фикридан қайтганича йўқ.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 2.9
t
×