Москвадаги қонли кеча: Терактдан сўнг воқеалар қандай тус олди?

Таҳлил

image

Россиялик миллиардер, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг собиқ қудаси Арас Агаларовнинг "Crocus Group" компаниясининг активларидан бири ҳисобланувчи "Крокус Сити Ҳолл"га уюштирилган теракт оқибатида қурбон бўлганлар сони сўнгги маълумотларга кўра, 70 нафардан ошган. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди. 

Қайд этилишича, кўплаб жасадлар ҳожатхоналар, овқатланиш шохобчалари ва омборхоналардан топилган. Кўпчилик тутун туфайли бўғилиб ўлган, уларнинг таналарида ҳеч қандай жароҳат изи қолмаган. 

Таъкидлаш жоизки, 7 март куни АҚШнинг Россиядаги элчихонаси Москвадаги эҳтимолий теракт ҳақида огоҳлантирган эди. Кейинроқ Латвия, Жанубий Корея, Швеция, Канада, Германия ва Чехия ҳам Россияда теракт эҳтимолини билдирган ва у ердаги фуқароларини огоҳликка чақирган. Аммо 19 мартда Россия Президенти Владимир Путин Ғарбнинг огоҳлантиришларини "жамиятни қўрқитиш ва беқарорлаштириш ниятида" қилинган "ошкора шантаж" деб атаган. 

Кеча, 22 март куни сўнгги 20 йил ичида Москвада кузатилган энг йирик қўпорувчилик ҳаракати деб баҳоланаётган теракт бутун дунё эътиборини тортди. 50 га яқин мамлакатлар Россия ҳукумати ва халқига таъзия йўллади, ушбу бузғунчилик ҳаракатини қоралаб, бундан ҳайратда эканини билдирди.

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков "Крокус Сити Ҳолл"да юз берган воқеанинг дастлабки дақиқаларидаёқ Путинга отишма бошлангани ҳақида хабар берилганини айтган.

Федерацияга биринчилардан бўлиб, Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз, Беларусь фуқароси Александр Лукашенко, Покистон, Миср, Куба, Қирғизистон ва бошқа МДҲ давлатларининг ТИВлари таъзия билдирди. Ўз навбатида улар сафига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қўшилди.

Ўзбекистоннинг Россия элчихонаси Москвада рўй берган портлаш ва отишмада жабрланган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот келиб тушмаганини маълум қилди. Эрта тонгдан Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига гуллар қўйиб кетилиши бошланди. 

Беларусь Соғлиқни сақлаш вазирлиги Россияга теракт қурбонларини даволашда, Қирғизистон ҳукумати Россияга зарур ёрдам беришга ва "Крокус Сити Ҳолл"даги терактдан жабрланганларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова агар Қўшма Штатларда Красногорскдаги теракт ҳақида ишончли маълумотлар бўлса, уни дарҳол Россияга етказиши кераклигини талаб қилган.

Оқ уй бўлса Россия терактда Украина ёки украиналикларнинг иштироки борлиги ҳақида ҳеч қандай аломат кўрмаётганини маълум қилди ва бу терактни ўз гарданидан ҳам соқит қилди. Қолаверса, Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг Россияда содир бўлган вазиятга алоқадор эмаслигини даъво қилди.

Захарова Вашингтоннинг Красногорскдаги теракт бўйича расмий баёнотидан норози бўлиб, бошқа томонни маълумот бермаётганликда айблади. 

"Вашингтондаги расмийлар фожиа пайтида кимнингдир айбсизлиги ҳақида нимага асосланиб хулоса қилади? Агар Қўшма Штатларда бу ҳақда ишончли маълумот бўлса ёки бўлса, у зудлик билан Россия томонига етказилиши керак", дейди у.

 Британиялик депутат Жорж Галлоуэй агар бу терактнинг ортида АҚШ турган бўлса, иккита супер куч ўртасида уруш бўлишини башорат қилди. 

"Агар Байден режимининг Москвада содир этилган оммавий террор қотиллигига алоқадорлиги аниқланса, иккита супер куч ўртасида амалда уруш ҳолати юзага келади", деган дипломат ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. 

АҚШ Президенти Жо Байден Москвадаги терактдан сўнг, Франция, Буюк Британия, Германия ва Италия етакчилари билан телефон орқали мулоқот қилган. 

Россия собиқ раҳбари, мамлакат Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведов бу ишларнинг ортида Украинанинг иси чиқадиган бўлса, оқибати фожиали бўлишини маълум қилди.

"Агар бу ишлар ортида Киев режимининг террорчилари тургани аниқланса, улар ва уларнинг мафкуравий илҳомлантирувчиларига бошқача муносабатда бўлиш мумкин эмас. Уларнинг барчаси террорчи сифатида топилиб, шафқатсизларча йўқ қилиниши керак. Жумладан, бундай ваҳшийлик қилган давлат амалдорлари ҳам ўлим жазосига лойиқ", дейди Медведев.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров чечен қутқарув гуруҳлари ва шифокорлар ёрдам кўрсатиш учун исталган вақтда пойтахтга боришга тайёрлигини маълум қилди. Москвага кириш ва чиқиш йўллари ёпилди. 

Теракт содир бўлганидан ҳеч қанча ўтмай бунда ИШИД жангариларининг қўли борлиги ҳақида маълумотлар ижтимоий тармоқларда сездирилди. Ҳолат юзасидан ташкилот бу воқеага алоқаси борлигини рад этди. 

"Бу ёлғон хабар. ИШИДнинг янгилик сайтларидан бир неча йиллардан бери фойдаланилмаяпти. Telegram'даги ИШИДнинг расмий каналларида ҳам ҳеч нарса йўқ", дея муносабат билдирди. 

Шунингдек, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ҳам Москвадаги фожиали теракт ортидан ўзининг ҳамдардлигини изҳор қилди.

Отаси билан воқеа жойига етиб борган Crocus Group холдинг компаниясининг биринчи вице-президенти, россиялик миллиардер Арас Агаларовнинг ўғли, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг собиқ куёви, хонанда Эмин Агаларов "Крокус Сити Ҳолл" концерт залида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик йўллади ва бу теракт унинг оиласига ҳам таъсир қилганини айтиб ўтди.

"Крокус Сити Ҳолл"да юз берган даҳшатли воқеалар қурбонларининг оилаларига чуқур ҳамдардлик билдираман. Бу теракт ҳамма учун даҳшатли фожиа, у шахсан менга ва менинг оиламга таъсир қилди. Бизнинг қайғуларимизни таърифлашга сўз тополмаяпман", деб пост қолдирди у ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Қуролланган шахсларнинг кимлиги, қандай мақсадда бу ишга қўл ургани ва ҳозир қаерда эканлиги ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия теракт Крокус Сити Ҳолл

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг