Москва Қодировнинг Эрдўғанга дағдағасини “олқишлаяпти”
Олам
−
23 Декабрь 2021
14582Москва дипломатик каналлар орқали Анқарага чеченистонлик қўпорувчилик ҳаракати етакчиси Жохар Дудаев номининг Туркия шаҳридаги боғга берилганидан норозилигини билдирди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.
“Дипломатик каналлар орқали биз туркиялик ҳамкасбларимизга, юмшоқ қилиб айтганда, Туркия шаҳарларидан бирида бундай номлар қўйишни маъқул кўрмаслигимизни аллақачон маълум қилдик”, деди Кремль матбуот котиби журналистларга.
Песков шунингдек, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ушбу воқеага муносабатини жуда тушунарли деб атади.
“Бу Россиянинг ушбу минтақасини назорат остига олишга уринган террорчилар томонидан бошланган бир неча урушлардан омон қолган Россия ҳудуди раҳбарининг жуда-жуда ҳиссий, аммо тушунарли муносабати.
Афсуски, Туркияда боғлардан бирига ушбу террорчи номи берилди. Албатта, бу барча чеченлар учун, Россия Федерацияси таркибидаги Чеченистон Республикаси учун жуда оғриқли қарор", деб ишонади Песков. Шу боис, унинг фикрича, “(Қодировнинг) бундай эмоционал муносабати жуда тушунарли”, дейди Песков.
Эслатиб ўтамиз, Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Россия Ташқи ишлар вазирлигидан Туркия расмийларининг ҳаракатларига жавоб беришни сўраган. Чеченистон раҳбари, шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанни Россия билан муносабатларда аниқ ва шаффоф тўхтамга келиб олишга чақирган. Қодировга кўра, Туркия расмийларининг амалдаги ҳаракатлари Россия-Туркия муносабатларига тўғридан-тўғри таҳдид бўлиб, бунга эътибор қаратиш ва превентив дипломатик чоралар кўриш керак.
Аввалроқ оммавий ахборот воситаларида декабрь ойи ўрталарида Туркия шимоли-ғарбидаги Кўрфаз шаҳрида истироҳат боғи очилгани, унга ўзини Чеченистон Ичкерия Республикаси президенти деб эълон қилган Дудаев номи берилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. 1994 йилда республикага федерал қўшинларнинг киритилиши ортидан қуролли қаршилик кўрсатилган. Дудаев 1996 йилда йўқ қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь