Монополистларга қарши курашган Рузвельт ким эди?

Бу қизиқ 7735
image

Америка тарихида ҳар бир Президентнинг ўз ўрни бор. Бири ички сиёсатда катта ўзгаришларни қила олган бўлса, бошқаси ташқи сиёсатда Америка манфаатини кўзлаб ҳаракатланиб келган. АҚШ Президентлари тарихига қарасак, унинг бугунги молия марказига айланишига, ўтиш даврида иқтисодий таназзулдан сақлаб қолишга меҳнати сингган, монополистларга қарши очиқдан-очиқ курашган Президентлардан бири – бу Теодор Рузвельт ҳисобланади.

Рузвельтнинг сиёсий майдонга келиши

Рузвельт 1858 йилнинг 27 октябрида Нью-Йоркда дунёга келган. Рузвельт ёшлигида жуда нимжон эди. У астма касаллиги билан касалланган, кўриш қобилияти ҳам яхши эмасди. Касаллиги сабаб бошланғич таълимнинг кўп қисмини уйда олишга мажбур бўлди. Бироқ бу уни ўз мақсадларидан тўхтата олмади. 1876 йилда Рузвельт АҚШнинг дунёга машҳур олийгоҳи Гарвард университетига қабул қилинди. 

1880 йилда ўқишни тамомлаб, Республикачилар партиясига аъзо бўлди ва сиёсатдаги узоқ йиллик фаолиятини бошлади. У АҚШ конституциясидаги тенглик ғоясини ўзининг асосий тамойили сифатида биларди. 1901 йилнинг 6 сентябрида АҚШнинг амалдаги президенти Мак-Кинлига нисбатан суиқасд уюштирилди ва орадан 8 кун ўтиб у вафот этди. Бу орада вице-президент лавозимидаги Теодор Рузвельт қасамёд қабул қилиб АҚШ тарихидаги энг ёш (ўша вақтда 42 ёш-у 10 ойлик эди) Президент бўлди. Ўшанда Рузвельт Оқ уйдагилар ва катта сармоядорларни монополияга қарши курашмаслиги ва мансабдорлар таркибини сақлаб қолишига ишонтирганди.

1901 йилнинг 3 декабрида Рузвельт ўзининг илк маърузасида ижтимоий адолат ва тенглик ғояларини ошкор қилди. Ўша вақтда АҚШда ижтимоий нотенглик, коррупция ва монополия ҳукмронлиги сабаб норозиликлар авж олаётганди. У Касаба уюшмалари фаолиятини қўллаб-қувватлади. Бу борада бир нечта қонун имзоланишига эришди. Аёллар истаган соҳада ишлаши мумкин бўлиши ва меҳнатига яраша ҳақ олиши лозимлиги ҳақида гапирарди. Адолатга бўлган ташналиги сабаб уни социалист деб аташарди. Ундан аввалги Президентлар Президент конституция олдидаги вазифаларни бажариши керак деб ҳисобласа, у Президент ҳокимияти остидаги халқ учун барча ишни қилиши керак ва бу конституцияга зид бўлмаса бўлди деб ҳисобларди. У Мак-Кинлининг иқтисодий изоляция сиёсатидан воз кечиб, Американи бутун дунёда фаол бўлган империалистик кучга айланиш сиёсатини бошлади.

Рузвельт ўз сиёсатини мустаҳкамлашни аҳолининг ишчи қатламини ўзига қаратишдан бошлади. Рузвельт иш берувчи ва ходим ўртасида адолатли меҳнат фаолияти юритилиши лозимлигини талаб қиларди. Улар тенг ҳуқуқлилик асосида ишлаши кераклигини айтарди. Ишчиларнинг иш ҳақи компания даромадига мутаносиб тарзда ўзгариб туриши шартлиги, иш вақтида жабрланганлар ва уларнинг яқинларига компенсация қопланиш масаласини кун тартибига олиб чиқди. Шундай қилиб у бир нечта қонунлар орқали меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши бўйича ўз мақсадларига эриша олди.

Рузвельт монополистларни ўзига душман деб биларди

Рузвельт Америка иқтисодиётини кемираётган кўпчилик монополист трестларни ўзига энг катта душман сифатида кўрарди. Аммо у биринчи президентлик даврида уларга қарши курашни очиқ курашга айлантирмади. Чунки, иккинчи президентлик муддати сайловлари учун маблағни улардан олишга тўғри келишини биларди. Шу сабабли, биринчи президентлик даврида асосий курашни ташқи сиёсат масалаларига қаратди. 1904 йилги муваффақиятли сайлов кампаниясидан сўнг, Демократлар партиясидан номзоди қўйилган Паркер устидан ғалаба қозонди. 

Унинг фикрича, иқтисодиёт назоратсиз ривожланмайди, уни Америка халқи манфаатларидан келиб чиқиб қонунлар орқали бошқариш керак. Собиқ Президентлар Жексон ва Линкольннинг эркинлик борасидаги фикрлари эндиликда (шунча саноат инқилобларидан сўнг) замон талабига жавоб бермай қолганди. Молия ва ишлаб чиқаришда ҳукуматнинг тўлиқ истисно этилиши катта-катта табиий монополияларнинг вужудга келишини таъминлайди. Америкадаги корпорациялар шу даражага етдики, корпорацияларнинг ўзи гигант корпорациялар орқали бошқарилар, ҳукумат қонунлар ишлаб чиқишда уларнинг манфаатини (солиқ, молия ва бошқа соҳага оид сиёсатида) ҳисобга оларди. Бу вақтда Америка ҳукумати архаик кўринишдаги кучсиз ҳукуматга айланиб қолганди. Шу сабаб давлат катта трестлар томонидан қилинаётган молиявий фирибгарликларга қарши тура олмай қолди. Қонунларда чигаллик юзага кела бошлади. Штат манфаатини ҳимоя қиладиган қонунлар миллий манфаатга тўғри келмай қолди, ёки бунинг акси кузатиларди.

Рузвельт учун фақат бир йўл қолганди

АҚШнинг аввалги даврдагидек бизнесда ҳалол рақобатни юзага келтириш сиёсати иложсиз бўлиб қолди. Бунда фақатгина бир йўл, яъни трест ва монопол корхоналарни йўқотиш эмас, балки қонунан назорат қилиш йўли қолганди. Агар уларга ёппасига “ҳужум” қилинадиган бўлса, улар Европа ёки бошқа жойларга чиқиб кетиши, солиқ тушуми кескин камайиб, мамлакат хазинаси бўшаб қолиши, мамлакатда ишсизлик авж олиши ва бошқа балолар бўлиши мумкин эди. Рузвельт шу йўлни (назорат қилишни) танлади. Молиявий фирибгарликни йўқотиш, жамият манфаатлари юзасидан корпорациялар фаолиятини назорат қилиш мақсад қилинди. 

Рузвельтнинг сиёсатидан қўрққан йирик компания эгалари давлатдан дахлсизлик ҳуқуқи талаб қила бошлади. Бу йўлда улар сиёсатчи ва газеталар ваҳималаридан фойдаланишди. Бироқ Рузвельт бу талабни аҳмоқликка йўйди ва ҳеч қачон бундай бўлмаслигини айтди. Турли соҳаларни монополияга айлантирган магнатлар Рузвельтни йўқ қилиш ва аввалги даврга қайтишни хоҳлаб қолишди. Шунга қарамай, Рузвельт ўз мақсадидан қайтмади. Монополиянинг олдини олиш ва мавжудларини йўқотиш фаолияти билан шуғулланувчи Савдо ва меҳнат вазирлиги ва корпоратив бюрони ташкил қилди. Унинг қошида комиссия ташкил этилди ва бу комиссия бизнес билан шуғулланувчи исталган корпорация назоратини амалга ошириши ва соҳани таҳлил қилиш ваколатларига эга эди. Бу йўлда Рузвельтга кўмаклашувчи магнатлар ҳам пайдо бўлди. 

Темир йўл монополистларидан бири бўлган Пол Мортон исмли шахс ўз айбларини тан олиб, ҳукуматга ушбу соҳада монополияга қарши курашишда ўз ёрдамини бера бошлади. Мортон томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида Штатлараро давлат комиссияси ва Адлия вазирлиги томонидан аудит текширувлари ўтказилди. Темир йўллар тўлиқ ҳукумат назоратига ўтди. Мортонга санкция берилишида енгилликлар берилди. Тарифлар тўғрисида Хепберн қонуни (билл) ҳам қабул қилинди. Бу йўлда унга айрим сенаторлар ҳам қарши чиқди. Аммо қонун барибир қабул қилинди. Рузвельт монопол трестларга қарши кураши билан Америка тарихига кирди.

Рузвельтни кейинги Президентлар Тафт, Вилсон даврларида роса танқид қилишди. Айримлар уни айрим монополистларга ёрдам бериш учун бошқаларини йўқотишга уринишда ҳам айблашди. Бироқ, у Америка тарихида АҚШ иқтисодиётини жарликка етаклаётган трестлар таъсири доирасидан чиқара олган Президент сифатида қолди. Ҳозиргача америка халқи ўша даврдаги кўмир, пўлат, шакар трестларининг фаолиятини тартибга солган, бошқа бизнесменларга ҳам шароит яратиб берган Рузвельтга ўз миннатдорлигини билдириб келади. 

Зафарбек Солижонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 160
Рейтинг: 3
t
×