Молия вазирлиги ўқитувчиларга тўланадиган қўшимча тўловларни қисқартиришни таклиф қиляпти
Жамият
−
18 Ноябрь 2020
11033Молия вазирлиги “2021 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунда таълим муассасалари ходимларига тўланадиган қўшимча тўловларни қисқартиришни таклиф қиляпти. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг Қонуни лойиҳаси ва 2021 йил учун Бюджетнома бўйича хулосасида айтиб ўтилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясининг иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича бюджет сиёсатида:
• таълим муассасаларидан ташқари бюджет ташкилотларида моддий рағбатлантириш жамғармасидан тўловларни 5 фоиз (ҳисобий 0,8 трлн сўм) бандга;
• таълим муассасаларида ишловчи ходимларга директор жамғармасидан тўланувчи тўловларни 4 фоиз (ҳисобий 1 трлн сўм) бандга қисқартириш таклиф қилинган.
Ҳисоб палатаси 2020 йилда бюджет муассасаларида ишловчи ходимларнинг иш ҳақини индексацияси инфляция даражасидан (кутилаётган инфляция миқдори 11,5 фоиз) паст миқдорда бўлганлиги ҳамда уларнинг реал даромадлари камида 10 фоизга камайганлигини инобатга олиб, юқоридаги қисқартиришларни амалга оширмасликни таклиф қилган.
Бунда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг штат бирликларини 10 фоизга қисқартириш натижасида мақбуллаштириладиган 550 млрд сўм ва давлат мақсадли жамғармаларига эҳтиёжга нисбатан ортиқча берилаётган 1 трлн 311,4 млрд сўм бюджет трансфертларини бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтириш мақсадга мувофиқ экани айтилган.