МОҚ босим остида қолганми?
Спорт
−
29 Январь 2022
11556Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси босим остида қолгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.
“Ижтимоий тармоқлардаги айрим манбаларда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси кучли босим остида қолгани ва бунинг натижасида ҳаваскор ва профессионал бокс федерациялари бирлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқатилди. Шуни таъкидлаш жоизки, бу мутлақо асоссиз ва ёлғон маълумот! Бокс мамлакатимиз ёшлари орасидаги энг севимли ва оммавий спорт турларидан бири. Шунингдек, боксчиларимиз халқаро майдонларда юртимиз байроғини кўкларга кўтариб, нафақат минтақамизда балки жаҳонда етакчилардан саналишади. Бугунги кунда ҳам Президентимизнинг эътибори ва давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу спорт тури ривожи янги босқичга олиб чиқилмоқда”, дейилади МОҚ хабарида.
Шунингдек, Ўзбекистон МОҚ ушбу ёлғон хабарларга эътибор қилмаслик ва ўз навбатида оммавий ахборот воситаларидан фақатгина расмий, ишончли ва асосланган маълумотларни тарқатишни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 январь куни ижтимоий тармоқлада: “Босим остида қолган Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси мамлакатдаги ҳаваскор ва профессионал бокс федерациясини бирлаштириб, унга АҚШ қора рўйхатида бўлган Ғофур Раҳимовни бошлиқ қилиб тайинлади. Бу тайинлов ортидан Олимпия қўмитасида жанжал чиқди. Олимпия Қўмитасига ким босим кўрсатди? Ғофур Раҳимовнинг раҳбар этиб тайинланишига ким қарши?” қабилида хабарлар тарқатилган эди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳри бокс бўйича U-22 Осиё чемпионатига мезбонлик қилмоқда. Бугун, 29 январь куни турнирнинг финал жанглари ўтказилади ва унда 17 нафар ўзбекистонлик боксчи рингга ктарилади.