Мисрда фиръавн Рамзес II нинг қиличи топилди
Олам
−
07 Сентябрь
7996Миср археологлари мамлакат шимолидаги Аль-Буҳайра провинциясида олиб борилган қазишмалар чоғида фиръавн Рамзес II қиличини топди. Бу ҳақда мамлакат Туризм ва қадимий ашёлар вазирлиги хабар берди.
“Миср археологик миссияси Тел аль-Абқайн археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар пайтида ҳарбий казармалар ва Янги Қироллик даврига оид қурол-яроғ ва озиқ-овқат омборларидан бир қанча меъморий блокларни топди. Аль-Буҳайра провинциясида ҳам кўплаб археологик топилмалар ва аскарларнинг шахсий қуроллари топилди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Миср Қадимий ёдгорликлари олий кенгаши бош котиби Муҳаммад Исмоил Холидга кўра, археологлар топилмаси қадимда Миср армиясини жойлаштириш нуқталаридан бири ҳисобланган Абқайн қалъасининг тарихий ва археологик аҳамиятини тасдиқлайди.
Вазирликка кўра, миссия давомида фиръавн Рамзес II га тегишли бронзадан ясалган узун қилич топилган. Шунингдек, археологлар қурол-яроғ, балиқ овлаш асбоблари, шахсий гигиена воситалари, тумор, сигир дафн этилган жойни ва иккита оҳактош блокини ҳам топган. Блоклардан бири Рамзес II унвонларининг иероглиф ёзуви бўлган.
Маълумот учун, Рамзес II Қадимги Миср тарихидаги энг буюк ҳукмдорлардан бири ҳисобланади. Тахминларга кўра, у 60 йилдан ортиқ (милоддан аввалги XIII аср) ҳукмронлик қилган, бу даврда Миср жиддий ҳарбий муваффақиятларга эришган ва йирик ҳудудий истилоларга эришган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган “Кумушкон” маҳалласининг шимолидаги фермер хўжалигига олиб борувчи йўлнинг қурилиши жараёнида тасодифан қадимги даврга оид қабр қолдиқлари аниқланган эди.