Мисрда Фаластин-Исроил можароси бўйича саммит бошланди
Олам
−
21 Октябрь 2023
14771Бугун, 21 октябрь куни Қоҳирада Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси ташаббуси билан ташкил этилган Ғазо секторидаги вазият бўйича саммит бошланди. Бу ҳақда “Al Arabiya” хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилиш фаластинликларга ёрдам бериш чораларини таклиф қилиш ҳамда Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ўтказилмоқда.
Саммит очилишида Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш имконини берувчи ва Фаластин давлатини яратишга олиб келадиган “йўл харитаси”ни тузиш зарурлигини айтган. Президент Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумини “жамоавий жазо амалиёти” деб атаган ва жаҳон ҳамжамиятини “глобал жимликда” айблаган.
Саммитда 30 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этмоқда. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисидан ташқари, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос, Иордания қироли Абдуллоҳ II, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Баҳрайн Қироли Ҳамад бин Исо ал-Халифа, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад ол Соний ва Қувайт валиаҳд шаҳзодаси шайх Машъал ал-Аҳмад ас-Сабоҳ қатнашмоқда.
Бундан ташқари, Миср Президентининг таклифига биноан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррель, Италия Бош вазири Жоржия Мелони, Испания Бош вазири Педро Санчес, Греция Бош вазири Кирякос Митсотакис, Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса, Кипр Президенти Никос Христодулидис ҳам Қоҳирадаги саммитга етиб келган.
Германия, Франция, Буюк Британия, Норвегия, Туркия ва Япония саммитда Ташқи ишлар вазирлари даражасида қатнашмоқда. Россия томонидан Президент Владимир Путиннинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили, Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов, Хитой вакили сифатида Яқин Шарқ бўйича вакил Чжай Юн саммитда иштирок этмоқда.
Айни пайтда АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятидан ҳеч ким учрашувга келмаган. Вашингтондан саммитда АҚШнинг Мисрдаги вақтинчалик ишлар вакили Бет Жонс иштирок этади. Шунингдек, кўплаб Европа давлатлари раҳбарларининг йўқлиги сабабли, икки аноним дипломат “Reuters” агентлигига саммит натижаларидан умидлар унчалик катта эмаслигини ва ҳатто тўлиқ қўшма баёнот бўлишига кафолат ҳам йўқлигини айтган.
“Reuters” хабарига кўра, тадбирга Исроил вакили таклиф қилинмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь