Миср ҳам Ғазо бўйича тинчлик режасини таклиф қилди

Олам

image

Миср ҳукумати Исроил ва ҲАМАСга Ғазо сектори устидаги можарони ҳал қилиш бўйича уч босқичдан иборат режани таклиф қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Asharq News” телеканали хабар берди

Айтилишича, режанинг биринчи босқичи Фаластин анклавида икки ҳафталик муддатга узайтириш имконияти билан гуманитар сулҳ жорий этишни ўз ичига олади. Гуманитар пауза вақтида ҲАМАС гаровга олинган 40 нафар исроиллик, жумладан, аёллар ва болалар ҳамда қарияларни озод қилиши керак. Бунинг эвазига Исроил яҳудий давлати қамоқхоналарида сақланаётган 120 нафар фаластинлик аёл ва болаларни озод қилади, жанговар ҳаракатларни тўхтатади, танкларни олиб чиқади ва Ғазо секторига қўшимча озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беради.

Иккинчи босқич Фаластин раҳбариятидаги бўлинишни бартараф этиш ва технократлар ҳукуматини шакллантириш учун Миср воситачилигида Фаластин миллий мулоқотининг бошланишини ўз ичига олади. Миср томонига кўра, янги ҳукумат инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ва Ғазо секторини реконструкция қилиш билан шуғулланади, шунингдек, Фаластинда президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш учун асос тайёрлайди.

Учинчи босқичда Ғазо секторида тўлиқ ва кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ҲАМАС, Фаластин Исломий Жиҳод ҳаракати ва анклавда фаолият юритаётган бошқа гуруҳлар Исроилнинг барча ҳарбийларини озод қилади. Келишув доирасида тарафлар Исроил томонидан озод қилинадиган фаластинлик маҳбуслар, жумладан, 7 октябрдан кейин ҳибсга олинганлар сонини аниқлайди. Охирги босқич Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетиш ва кўчирилганларни Ғазо шаҳри ва анклавнинг шимолий ҳудудларига қайтаришни ҳам ўз ичига олади.

“Asharq News” маълумотларига кўра, ҲАМАСнинг Сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония бошчилигидаги делегация Миср таклиф қилган келишув режаси бўйича маслаҳатлашиш учун Қоҳирадан Доҳага қайтган. Хония 20 декабрь куни Мисрга фаластинлик асирлар ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш, Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ва анклавни келажакда реконструкция қилиш билан боғлиқ масалалар бўйича музокаралар ўтказиш учун келган.

Фаластин раҳбариятидаги бўлиниш

1990 йиллардаги Осло музокаралари Фаластин Озодлик Ташкилоти ва Исроил ўзаро бир-бирини тан олишига олиб келди. Имзоланган ҳужжатларга мувофиқ, Ғарбий Соҳил ва Ғазо сектори ҳудудларида ўзини ўзи бошқариш тизими жорий этилди. Хусусан, Фаластин миллий маъмурияти олий ҳокимият органи ва парламент ваколатлари билан таъминланган Фаластин Қонунчилик Кенгаши сифатида ташкил этилган.

2006 йил 25 январда Фаластин Қонунчилик Кенгашига бўлиб ўтган сайловларда мандатларнинг кўпчилиги Фаластин Озодлик Ташкилоти таркибига кирмайдиган ҲАМАС ҳаракати вакиллари томонидан қўлга киритилди. 2007 йилда Фаластин ташкилотлари ўртасида можаро келиб чиқди – ҲАМАС  Ғазо секторида ҳокимиятни эгаллаб олди. Ўшандан бери Фаластин икки қисмга бўлинди: Ғазо сектори ҲАМАС томонидан, Ғарбий Соҳил эса Фатҳ (Фаластин Озодлик Ташкилоти таркибидаги энг йирик ташкилот) томонидан назорат қилинади. Фаластин Қонунчилик Кенгашига сайловлар бир неча бор қолдирилган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия ҳам Ғазода тинчлик ўрнатиш бўйича ўз режасини таклиф қилган ва унга кўра, Анқара Исроил билан тинчлик келишувига эришишда Фаластин учун кафил сифатида ҳаракат қилишга тайёр эканини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made