Мирзиёевнинг ташаббуси БМТда маъқулланди
Жамият
−
12 Июль 2022
13291БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашга доир ташаббусини қўллаб-қувватлади.
Президент Матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, ташкилотга аъзо барча давлатлар Ўзбекистон томонидан 40 та мамлакат ҳаммуаллифлигида ишлаб чиқилган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюцияни бир овоздан маъқуллади.
“Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва унда икки минтақа мулоқотининг умумий ёндашувлари, асосий принциплари ва йўналишларини мустаҳкамлаб қўйиш ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан 2021 йил июль ойида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги Тошкент конференциясида илгари сурилган эди”, дейди Асадов.
Шунингдек, ҳужжатда Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиш таклифи юқори баҳоланган.