Мирзиёевнинг Москвага ташрифи режада бўлмаган – Песков
Жамият
−
04 Февраль 2020
7535Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига жорий йил 5 февралига мўлжалланган ташрифи ёз ойларига қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур масала юзасидан Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков баёнот билан чиқди. Унинг қайд этишича, аввалданоқ ташриф режаси бўлмаган.
"5 февралда бўлиши режада бўлмаган, шу боис, ташриф кечиктирилиши ҳақида ҳам гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Бу нотўғри маълумот", дейди Песков Мирзиёевнинг 5 февралга режалаштирилган ташрифи кечиктирилдими, деган саволга жавобан.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил охирида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов РИА Новостига берган интервьюсида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россияга иккинчи ташрифи 2020 йилнинг 5 февралига режалаштирилгани ҳақида айтган эди.
Интервьюда Неъматов Мирзиёев Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва мустаҳкамланишига катта эътибор қаратишини алоҳида қайд этганди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эса жорий йилнинг 16 январь куни мамлакатга ташриф буюрган Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувда ташриф февралдан июнь ойига кўчирилганини айтган эди.