Мирзиёевга Каъба ёпинчиғининг бир бўлаги топширилди
Жамият
−
19 Февраль
19574Бугун, 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда ташриф билан бўлиб турган Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон Мирзиёевга Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат Бош вазири Муҳаммад Ол Сауднинг саломи ва самимий тилакларини етказган. Вазир, шунингдек, Подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғининг бир бўлагини топширган.
“Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига бебаҳо туҳфа ҳамда зиёратчиларимизнинг мусулмон дунёси марказлари - Макка ва Мадинада бўлиши учун яратилган имкониятлар ва қулай шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 800 мингдан зиёд фуқароларимиз Умра зиёратини, 15 минг нафари Ҳаж ибодатини адо этди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, суҳбат чоғида ўзбекистонлик зиёратчиларга шарт-шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, уларнинг Саудия Арабистонига ташрифи хавфсиз ва қулай бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 февраль куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ҳаж ва Умра зиёрати вазирлиги ҳамда Ахборотлаштириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган ва унда зиёратлар бўйича муҳим янгиликлар айтилганди.