Мирзиёев Жапаровни туғилган куни билан табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 6 декабрь куни Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қирғизистон етакчисини таваллуд куни билан самимий қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, қардош Қирғизистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Суҳбатда Олий даражадаги келишувларга мувофиқ Ўзбекистон-Қирғизистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани катта мамнуният билан қайд этилган. 

Яқинда муҳим икки томонлама ҳужжатлар – Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома ва Андижон сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида битим имзолангани ва ратификация қилингани амалий ҳамкорликнинг чуқурлашишига, давлатлар ва бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидланган.

Давлат раҳбарлари бўлажак мулоқотларнинг кун тартибини сифат жиҳатидан бойитиш мақсадида савдо шартномалари ва инвестиция дастурлари портфелини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон томонига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 9 декабрь куни расмий ташриф билан Қирғизистонга боради. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг