Мирзиёев ЕИнинг санкциялар бўйича махсус вакилини қабул қилди
Жамият
−
28 Апрель 2023
7772Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Айтилишича, учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги, энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги кўп қиррали шерикликнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилган. Кейинги йилларда ЕИнинг “GSP+” преференциялар тизими доирасида ўзаро савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва инвестиция лойиҳалари сони ошиб бораётгани ҳам қайд этилган. Шунингдек, халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Дэвид О’Салливан эса Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказиб, ўз миссияси вазифалари тўғрисида сўзлаб берган. У G7 давлатлари ва АҚШ томонидан Россияга қарши ишлаб чиқилган санкцияларнинг ягона мақсади Москванинг Украинага қарши тажовузкор уруш олиб бориш қобилиятига путур етказишдан иборат эканини эслатган.
“Биз учинчи давлатларга, хусусан, Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллаш ниятида эмасмиз, шунингдек, Ўзбекистоннинг ривожланишига, унинг бошқа давлатлар, жумладан, Россия билан савдо алоқаларига халақит бериш истаги ҳам йўқ”, деган Дэвид О’Салливан.
Унинг таъкидлашича, бир қатор мамлакатларда ЕИ давлатларида санкция остига киритилган товарлар импорти кўпайиши кузатилмоқда. Шу боис у Ўзбекистонга келишидан олдин БАА, Туркия, Қозоғистонга борган. Ўзбекистондан сўнг эса у Грузия, Арманистон ва Сербияга бориши кутилмоқда.
Дэвид О’Салливаннинг сўзларига кўра, сўнгги ойларда Евроиттифоқ, хусусан, молиявий масалалар бўйича Божхона қўмитаси ва Ўзбекистон Марказий банклари билан самарали ахборот алмашган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь