Мирзиёев водий вилоятлари ҳокимлари билан йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Кеча, 25 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳамда иқтисодий комплекс мутасаддилари иштирокида йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йиғилишда Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган.

Билдирилишича, маҳаллаларга ҳокимлик ва барча иқтисодий идора ходимлари бириктирилмоқда. Улар хонадонларда бўлиб, имкониятларини таҳлил қилади.

“Масалан, томорқаси бўлса, ундан самарали фойдаланиш, даромадини 60-70 миллион сўмга олиб чиқиш бўйича намуна яратади. Ҳунармандликка уқуви борларга хомашё, ускуна ва айланма маблағдан ёрдамлашилади. Тадбиркорлик истаги бўлса, бизнес лойиҳалар қилиб берилади”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Бунда, айниқса, тижорат банклари фаол бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Яъни, улар, аввало, ўз мижозлари бўлган корхоналар негизида қўшимча иш ўринлари очилишини қўллаб-қувватлаши лозим.

Таъкидланишича, банкларга давлат томонидан катта ресурслар ажратилмоқда. Улар жойларда аҳоли ташаббусларига йўналтирилиб, бандликка хизмат қилиши зарур. Бу маблағлар янги иш ўринлари, қўшимча маҳсулотлар, аҳолининг харид қобилияти орқали охир-оқибат иқтисодиётга тушум бўлиб қайтади.

Хонадонларда кичик қайта ишлашларни ташкил этиш, одамларни маҳсулот ишлаб чиқаришга ўргатиш, кооперация ва касаначиликни кенгайтириш вазифаси қўйилган.

Томорқаларда ва деҳқончилик учун ажратилган ерларда сархил мева-сабзавотлар етиштириб, экспорт қилиш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик орқали рўзғорларга барака киритиш мумкинлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига борганида водий нуронийлари билан бирга ифторлик қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Наманган Андижон Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг