Мирзиёев Наманганда ифторлик қилди (фото, видео)
Жамият
−
25 Март
18671Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 март куни Наманган вилоятига боргани ҳақида хабар бергандик. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда маҳаллалар ҳаёти билан танишган давлат раҳбари Наманганда ифторлик қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилди. Шунингдек, Наманган вилоятидаги эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам борган. Президент билан самимий суҳбатлашган отахонлар, Мирзиёевга чакмон совға қилишган.
Ифторлик дастурхонига ташриф буюрган Мирзиёев аввало мусулмонларни Рамазон ойи билан яна бир бор табриклаган.
"Бугун барчамиз – муҳтарам уламоларимиз ва нуронийларимиз, жамоатчилигимиз вакиллари биргаликда ифтор қилмоқдамиз. Ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли Ўзбекистон халқи бугун гўёки бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирибди. Ўйлайманки, бу савобли тадбир инсон қадрини улуғлашга, ўсиб келаётган ёшларимизни мана шундай олижаноб руҳда тарбиялашга хизмат қилади", деган Шавкат Мирзиёев.
Президент бу ишларга ҳисса қўшаётган иймон-диёнатли, саховатли фуқароларга ташаккур айтган. Бундан ташқари, Мирзиёев чет элдаги ўзбекистонликларни ҳам улуғ айём билан табриклаб, уларга соғлиқ-омонлик ва омад тилаган.
"Маълумки, янгиланган Конституциямизда “Ўзбекистон - ижтимоий давлат” деган муҳим қоида белгилаб қўйилган. Шу асосда мамлакатимизда мутлақо янги ижтимоий ҳимоя тизими шаклланмоқда. Бу тизим биринчи навбатда эҳтиёжманд кишиларга, жумладан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, етим қолган, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган", деган Президент.
Бу ҳақда сўзлар экан, Мирзиёев Алишер Навоийнинг “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай”, ҳикматини ёдга олган.
Давлат раҳбари сўзининг якунида энг эзгу тилакларини билдирган:
"Муборак Рамазон ойи шарофати билан юртимизда, жами мусулмон ўлкаларда, бутун дунёда тинчлик, барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар, халқлар ўртасида дўст-биродарлик, ўзаро ҳурмат туйғулари устувор бўлсин. Кучлилар – ожизларга таянч, саховатпешалар – муҳтожларга ёрдамчи, ёшлар – қарияларга ғамхўр бўлсин. Динимизда белгилаб берилган тўғри йўлдан оғишмайлик, айни пайтда замон билан ҳамнафас яшайлик. Ёшларимиз билимлари билан жаҳонга танилиб, юртимиз довруғини юксакларга кўтаришсин. Ўзбекистон дунёнинг энг олди, энг илғор давлатларидан бирига айлансин. Тутган рўзаларимиз, дуоларимиз даргоҳида қабул бўлсин", деган Президент.