Йилига 100 тонна олтин қазиб олаяпмиз – Мирзиёев Намангандаги заргарлик корхонасига борди
Жамият
−
25 Март
9859Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 25 март куни Наманган вилоятига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари дастлаб Янги Наманган туманидаги “Гавҳар груп” корхонасини бориб кўрди. У йилига 1 минг 200 килограмм заргарлик буюмларини саноат усулида ишлаб чиқариш қувватига эга.
“Гавҳар груп” масъулияти чекланган жамияти Туркия, Италия, АҚШ ва Германиядан замонавий ускуналар келтирилиб, 2022 йилда ишга туширилди.
Бугунги кунда корхонада 10 минг хил дизайндаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилган. Чет эллар билан ҳамкорликда қўл соатларининг тилла корпусини тайёрлаш йўлга қўйилган. 2023 йилда 270 килограмм маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, бу ерда 3D моделлаштириш орқали буюртма асосида исталган кўринишдаги буюмларни ишлаб чиқариш мумкин.
Билдирилишича, олтинни Товар-хомашё биржасидан кечиктириб тўлаш шарти асосида сотиб олиш имконияти айланма маблағ ва ишлаб чиқариш узвийлигида муҳим омил бўлмоқда.
Қайд этилишича, корхонада маҳаллий заргарлар билан кооперация йўлга қўйилиши натижасида яширин ишлаганлар “соя”дан чиққан. Корхонада 100 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган. Шу ернинг ўзида ёшларга ҳунар ҳам ўргатилади.
Давлат раҳбари корхонада ишлаётган заргарлар билан суҳбатлашди.
“Мамлакатимизда йилига 100 тонна олтин қазиб оляпмиз. Уни заргар тадбиркорларга бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилган. Очиғи, бундай имкониятлар ҳеч қайси давлатда йўқ. Лекин, юртимизда олтиннинг атиги 6 фоизи қайта ишланяпти. Олтин қазиб олинмайдиган мамлакатлар биздан кўп экспорт қиляпти. Бу соҳада бироз кечикдик. Шунинг учун ишлаб чиқаришга қўшимча шароитлар яратяпмиз. Бу ҳали бошланиши. Соҳани ҳали яна ривожлантирамиз”, деган Шавкат Мирзиёев.
Шу ерда туркиялик ишбилармонлар билан тажриба алмашиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари бўйича мулоқот ҳам бўлган.
Давлат раҳбари шу ерда “Мехмаш” масъулияти чекланган жамияти маҳсулотларини ҳам кўздан кечирган.
Бу корхона йилига 20 минг тонна бурама мих ва 18 минг тонна рулонли қоғоз ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик экспорт қувватига эга. 700 киши иш билан таъминланган.
Бозор талабидан келиб чиқиб, автомобиль саноатида қўлланадиган маҳкамлаш маҳсулотлари ҳажмини ва экспортини ошириш, иш ўринларини кўпайтириш режалари юзасидан кўрсатмалар берилди.