Мирзиёев ва Путин “Ғалаба боғи”га борди
Жамият
−
27 Май
10762Ўзбекистон-Россия саммити доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Тошкент шаҳридаги "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Кенг мажмуа бир нечта ҳудудга бўлинган бўлиб, ҳар бири алоҳида мавзуга бағишланган – уруш даҳшатлари ва аскарлар қаҳрамонлиги, фронт ортидаги ишчилар матонати ва фидойилиги, қайғу ва дард, шодлик ва шукроналик.
Бу ерга ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия Президентлари ҳалок бўлган аскарларнинг хотирасини ёдга олди ва уруш дастидан беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.
Мажмуанинг энг юқори нуқтаси – сунъий тепалик чўққисида “Абадий жасорат” композицияси – Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-майор Собир Раҳимов ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча ўзбекистонлик аскарлар хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.
Тепалик ичида боғнинг асосий павильони – Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган “Шон-шараф” музейи жойлашган.
Етакчилар музейнинг бой экспозицияси билан танишиб, шонли ўтмиш ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар. Тарихий меросни эъзозлаш ёшларда ватанпарварлик руҳини тарбиялаш ва халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Ғалаба боғининг маҳобати ва салобати Россия делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам Тошкентдаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” музейига борганди.
LiveБарчаси