Мирзиёев ва Путин Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Жамият 15835
image

Бугун, 15 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Президенти Владимир Путин билан Афғонистондаги вазият бўйича телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбатда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Давлат раҳбарлари Афғонистонда юзага келаётган вазият бўйича фикр алмашдилар. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида икки мамлакатнинг тегишли идоралари ўртасида яқин алоқалар ва ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, бугун “Толибон” Афғонистонни тўлиқ назоратга олганини эълон қилди. Ҳозирда Қобулни жангсиз топшириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда

Шу билан бирга араб нашрлари Президент Ашраф Ғани истеъфога чиққани ҳақида хабар тарқатди. Ҳатто, у мамлакатни тарк этгани айтилмоқда. Аммо бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмаган.

14 август куни кечаси эса 84 нафар Афғонистон ҳарбий хизматчиси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтди. ТИВ уларни ортга қайтариш бўйича “Толибон” ва расмий ҳукумат билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 898
Рейтинг: 2.9
t
×