Мирзиёев ва Мўғулистон раҳбари ОАВга баёнот берди

Олам

image

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ўтказилган музокаралар натижаларига доир фикрларини баён қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз нутқининг бошида Мўғулистон халқини яқинлашиб келаётган миллий байрам – Халқ инқилоби куни билан самимий муборакбод этган.

“Мўғулистонлик дўстларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги эътиборга лойиқ муваффақиятлари ва ютуқларидан чин дилдан хурсандмиз, сизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз”, деган  Мирзиёев.

Бугунги кунда Мўғулистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини кўрсатаётгани таъкидланган. 

Ўзбекистон Президентининг Мўғулистонга илк ташрифи икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари ривожида тарихий воқеа бўлгани алоҳида қайд этилди.

Мирзиёев ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат – Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганини таъкидлаган.

Ўзбекистон Президентининг сўзларига кўра, музокараларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилган. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали бир неча баробар ошириш вазифалари белгиланган. Улан-Баторда кўргазма залига эга бўлган Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу ишлар учун амалий асос бўлиши таъкидланган.

Бундан ташқари, музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари белгилаб олинган.

Томонлар мунтазам равишда ўзаро концертлар, кўргазмалар, кино намойишлари уюштириш, фестивалларда иштирок этишга келишиб олган.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ажратилаётган квоталар доирасида мўғулистонлик ёшларнинг Ўзбекистондаги етакчи олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта йўлга қўйишга тайёрлигини билдирган.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилиниши таъкидланган.

Сўзининг якунида давлат раҳбари Мўғулистон Президентини расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганини https://qalampir.uz/n/120688 маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Улан-Батор шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Мўғулистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг