Мирзиёев Мўғулистон Президенти билан қўшма декларация имзолади
Олам
−
24 Июнь
2463Улан-Батор шаҳрида ўтган олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух Кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Шунингдек, Президентлар ҳузурида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
- ўсимликлар карантини ва ҳимояси, олий таълим, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фани, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар;
- икки мамлакат архив идоралари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан Мўғулистон Иқтисодиёт ва тараққиёт вазирлиги ўртасида, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида 2025-2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурлари;
- Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Мўғулистон Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва енгил саноат вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ҳамкорлик режаси;
- Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Мўғулистон Маданият, спорт, туризм ва ёшлар вазирлиги ўртасида экотуризм соҳасидаги ҳаракатлар режаси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 24 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи доирасида рафиқаси билан бирга Мўғулистонга етиб борган эди. Бу ташриф Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида 1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери илк бор ўтаётган олий даражадаги ташриф бўлади. Билдирилишича, ташриф жавоб характерига эга, чунки 2024 йилда Мўғулистон Президенти Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Учрашувлар чоғида Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурелсух 14 та шартнома ва икки томонлама ҳужжатларни имзолаганди.
LiveБарчаси