Мирзиёев ва Эрдўған телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
06 Февраль 2023
6365Бугун, 6 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мирзиёев бугун Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар кўрилгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик изҳор этган.
“Биродар Туркия халқига, вафот этганлар ва жабрланганларнинг оилалари ва яқинларига далда сўзлари билдирилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. 7 февраль куни Ўзбекистондан Туркияга гуманитар ёрдам ва қутқарувчилар гуруҳи жўнатилиши режалаштирилган.
Шунингдек, икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 6 февраль куни Туркиянинг марказий қисмида ва Сурия шимоли-ғарбида 7,9 (дастлабки маълумотларда 7,4) магнитудали кучли зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида Туркияда 912 киши қурбон бўлди, 5 385 киши жароҳатланди. 2 818 та бино вайрон бўлди, вайроналар остидан ҳозиргача 2 470 киши олиб чиқилди.
LiveБарчаси