Мирзиёев Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади
Жамият
−
21 Март
6040Президент Шавкат Мирзиёев 21 март куни "Humo Arena" мажмуасида бўлиб ўтаётган Наврўз шодиёнасида нутқ сўзлаб, ўзбекистонликларни Наврўз айёми билан табриклади.
"Сиз, қадрдонларимни, кўпмиллатли бутун Ўзбекистон халқини барчамиз соғиниб кутган Наврўзи олам билан самимий муборакбод этишдан бахтиёрман. Мана шу қувончли кунларда она заминимиз, жонажон Ўзбекистонимиз бамисоли улкан ва муҳташам бир сайилгоҳга айланмоқда. Фарғона водийсию Сурхон ва Қашқадарё тоғларида, Хоразм ва Қорақалпоқ диёрида, Самарқанду Бухоро, Навоийнинг гўзал боғларида, Жиззаху Сирдарё кенгликларида, Тошкент воҳасининг ям-яшил адирларида, азим пойтахтимиз майдонларида эл-юртимиз сайил-томошалар ўтказиб, Наврўзни шоду хуррамлик билан кутиб олмоқда", дейди Президент.
Мирзиёев тадбиркорлик, ишбилармонлик азал-азалдан халқнинг қонида, онгу тафаккурида яшаб келаётганига тўхталган. Қадим замонлардан қўли гул уста ва ҳунармандлар, миришкор деҳқонлар, етти иқлимни кезган савдогарлар ноёб маҳсулотлари ва ноз-неъматлари билан бутун дунёга донг таратганини тилга олди.
"Бугунги кунда Ўзбекистонда янги тадбиркорлар авлоди ана шу анъанани муносиб давом эттириб, дадил майдонга чиқмоқда. Энг муҳими, бизнес соҳаси нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимизда ҳам ҳал қилувчи кучга айланмоқда.
Биз ишбилармонлик муҳити ривожи учун янада кенг имкониятлар яратиб берамиз. Жорий йилда қабул қилинган давлат дастуридаги мақсадларга 36,5 триллион сўм ва 460 миллион доллар маблағ йўналтириш белгилангани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Оилавий тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш дастурлари доирасида 50 мингдан зиёд юртдошларимизга Бизнесни ривожлантириш банки орқали зарур молиявий ва моддий ёрдам кўрсатилади. Жумладан, уларга гаров талабисиз 100 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилади. Бундан ташқари, ўрта бизнес вакилларига 1,5 миллиард сўмгача бўлган имтиёзли кредитлар 7 йил муддатга берилади. Умуман, жорий йилда барча турдаги тадбиркорлик дастурлари доирасида 2 миллионга яқин аҳолига молиявий кўмак кўрсатилади", дея қўшимча қилган давлат раҳбари.
Шунингдек, Президент ўзбек спортчиларининг ўтган йили Осиё ўйинларида 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалини қўлга киритиб, мусобақалардаги рекордни янгилаганини эътироф этди.
Жумладан, Мирзиёев табрик нутқида Нодирбек Абдусатторовнинг ютуқларини ҳам алоҳида қайд этди.
"Хабарингиз бор, яқинда машҳур шахмат гроссмейстери – Нодирбек Абдусатторов Прага халқаро турнирида муддатидан олдин ғалаба қозониб, жаҳондаги энг кучли тўртта шахматчининг бирига айланди.
Келинглар, шу улуғ айём кунда барчамиз астойдил ният қилайлик: Нодирбекка тез кунларда Ватанимизга жаҳон шахмат тожини олиб келиш насиб этсин! Сен бунга албатта қодирсан, Нодирбек ўғлим! Бутун эл-юртимиз сендан шу буюк ғалабани кутмоқда", деди у.
Бундан ташқари, Президент давлат фаол, меҳнаткаш ва ишбилармон фуқароларини доимо қўллаб-қувватлашини айтиб, маҳаллаларда ёшларга тадбиркорликни ўргатадиганларга 300 миллиондан 1 миллиард сўмгача грантлар берилишини маълум қилди.
"Таъкидлаб айтмоқчиман: давлатимиз бундай фаол инсонларни доимо қўллаб-қувватлайди.
Масалан, хонадонлардаги томорқада етиштириладиган маҳсулотларни сотиб олувчи, қайта ишловчи, шу маҳсулотларни экспорт қилувчи тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади. Бундан ташқари, бўш ерларда саноатбоп дарахтлар ўстириш, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик учун қўшимча имкониятлар яратилади.
Бу чора-тадбирларни амалга ошириш учун мамлакатимиз иқтисодиёт комплексининг барча раҳбар ва ходимлари маҳалла даражасига тушиб, ишни ташкил этишга масъул ва жавобгар бўлади", дейди Мирзиёев.