Мирзиёев Тоқаевга қўнғироқ қилиб, сайловдаги ғалабаси билан табриклади
Жамият
−
10 Июнь 2019
2809Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 10 июнь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида Ўзбекистон раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаевни кеча, 9 июнь куни бўлиб ўтган Қозоғистон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий табриклади.
Сайлов натижалари Қозоғистон халқи Қосим-Жомарт Тоқаевни кенг қўллаб-қувватлаши ва унга улкан ишонч билдиришини, унинг мамлакат барқарор тараққиётига ва халқаро нуфузини оширишга ҳиссасини юксак баҳолашини яна бир бор намойиш этгани, амалга оширилаётган сиёсат ва энг муҳим ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом эттирилишига қатъий ишончнинг ифодаси бўлгани алоҳида таъкидланди.
Қозоғистон Президентининг жорий йил апрель ойидаги Ўзбекистонга илк давлат ташрифи дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлиб, икки томонлама ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлагани қайд этилди.
Суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликка доир, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалаларни муҳокама қилдилар.
Келгусидаги, жумладан, кўп томонлама ташкилотлар тадбирлари доирасидаги олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Президентлар Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, Президент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, овозларнинг 70,13 фоизи Қосим-Жомарт Тоқаевга тегишли.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь