Мирзиёев Шольцни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
30 Сентябрь 2023
4632Кеча, 29 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Берлин шаҳридаги биринчи “Марказий Осиё - Германия” саммити доирасида Германия канцлери Олаф Шольц билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбатда икки томонлама муносабатларнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилган. Жумладан, Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган.
“Ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва бошқа соҳаларда кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон раҳбарининг жорий йил май ойидаги Берлинга расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштиришга кучли суръат бағишлагани таъкидланди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.
Билдирилишича, кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баробар ўсган. Ўзбекистонда Германиянинг Volkswagen, MAN, CLAAS, Siemens, Linde, Aurubis, Henkel, Knauf, Papenburg, Deutsche Kabel ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли иш олиб бормоқда.
Шунингдек, тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.
Шавкат Мирзиёев қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетикани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурган.
Бундан ташқари, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, фан ва таълим соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилган.
“Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди”, дейилади хабарда.
Учрашув якунида Президент Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцни расмий ташриф билан Ўзбекистонга таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 сентябрь куни Шольц Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон раҳбарлари ва Туркманистон Халқ кенгаши раҳбари билан учрашди ва биринчи Марказий Осиё-Германия саммитини ўтказди. Музокараларда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь